Қурбон ҳайити – меҳр-оқибат айёми

Қурбон ҳайити – меҳр-оқибат айёми

 

 vakankovpaprovprovaporavpor.jpg

 

       Янги Ўзбекистон Президентимиз Шавкат Мирзиёевнинг ташаббуси билан Рамазон ва Қурбон ҳайитини кенг миқёсда нишонланиши ва дам олиш куни деб эълон қилиниши муқаддас динимизга бўлган чуқур ҳурмат ва эътиборнинг натижасидир.

       Қурбон ҳайити – мусулмонларнинг энг мўътабар байрамларидан бири ҳисобланиб, Зулҳижжа ойининг ўнинчи куни нишонланади. Бу муборак кунларда Аллоҳ таолонинг кўплаб хайр-у баракаси ер юзидаги бандалари узра ёғилади. Қурбон ҳайити ҳаж ибодатлари тамом бўлганлиги муносабати билан ҳамда Аллоҳ йўлида қурбонлик қилиш палласи бўлган айёмдир.

       Қурбон ҳайити куни мусулмонлар бир-бирларини қутлаб, сўйилган қурбонликларини ўзаро баҳам кўрадилар, бу эса албатта, меҳр-мурувват ва саховат ҳисларини яна-да орттиради.

       Қурбон ҳайити кунларида биз эътибор берадиган яна бир жиҳат – меҳрга ташна инсонларга байрам шодлигини ва яхши кайфият улашишдир. Бу борада юртимизда кенг кўламли ишлар амалга оширилади, байрам арафасида кам таъминланган ва кўмакка муҳтож оилалар ҳолидан хабар олинади.

        Қурбон ҳайити – улуғ байрамдир. Бу кунларда яна ҳам меҳрибон ва мурувватли бўлиб, етимлар бошини силаб, ёши улуғлар, касалманд-у муҳтожлардан хабар олинади, уларнинг кўнгилларига ҳам байрам шукуҳини олиб кирамиз. Бу кунда гина-кудратларни унутиб, кечиримли бўлишимиз мақсадга мувофиқдир.