Кун тартибида – маҳалла

Кун тартибида – маҳалла

 

npgssnrpsdlrrssrpss.jpg

 

Президент Шавкат Мирзиёев маҳаллалар фаолиятини рақамлаштириш ва Маҳаллани ривожлантириш миллий институтини ташкил этиш юзасидан тақдимот билан танишди.

Мамлакатимизда жорий йил “Маҳаллани ривожлантириш ва жамиятни юксалтириш йили” деб эълон қилингани муносабати билан аҳоли бандлигини таъминлаш, камбағалликни қисқартириш, маҳаллалар инфратузилмаси ва ижтимоий муҳитини яхшилаш бўйича кенг кўламли ишлар амалга оширилмоқда.

Бу борада йил якунига қадар 1 миллион аҳолини доимий иш билан таъминлаш, 181 минг оилани камбағалликдан чиқариш, камбағалликдан холи маҳаллалар сонини 2,5 баробар ошириб, 3,5 мингтага етказиш, ишсизлик ва камбағаллик даражасини 4,5 фоизгача тушириш мақсад қилинган.

Йил бошида инфратузилма, аҳоли турмуш даражаси, бизнес фаоллик ва молиявий имкониятлари чекланган 37 та “оғир” туман ҳамда 915 та “оғир” маҳалла билан ишлаш бўйича янги тизим яратилган эди. Бунинг учун барча зарур маблағлар ажратилди.

Тақдимотда маҳаллаларни қўллаб-қувватлаш учун Республика маҳалла жамғармасига яна 200 миллиард сўм ажратилгани маълум қилинди. Шунингдек, маҳаллалар учун 300 миллиард сўмдан зиёд қўшимча доимий даромад манбалари яратилмоқда.

Жумладан, маҳалла ҳудудида санитария ва ноқонуний қурилиш бўйича жарималарнинг бир қисми маҳалла бюджетларига йўналтирилади. Ер ва мол-мулк солиғидан тушадиган тушумларнинг улуши 10 фоиздан 15 фоизга оширилади. Бўш майдонларни ижарага бериш ва айрим биноларни сотишдан тушадиган маблағлар ҳам маҳаллаларнинг ўзида қолдирилади.

Тақдимотда маҳаллалар фаолиятини рақамлаштириш масалаларига ҳам алоҳида эътибор қаратилди. “Маҳалла еттилиги” томонидан уйма-уй ўрганишлар давомида 1 миллион 365 минг нафар аҳолининг муаммолари аниқлангани қайд этилди.

Ушбу муаммоларни тезкор ҳал қилиш мақсадида 35 та вазирлик ва идоранинг ахборот тизимлари “Рақамли маҳалла” платформасига уланади. Платформа орқали маҳалладаги долзарб масалаларни аниқлаш, мурожаатларни тизимли таҳлил қилиш ва тегишли ечимларни тезкор белгилаш имкони яратилади.

Шу муносабат билан Маҳаллани ривожлантириш миллий институтини ташкил этиш таклифи билдирилди. Институт фаолияти катта илмий салоҳиятга эга Давлат бошқаруви академияси билан боғлиқ ҳолда йўлга қўйилади.

Янги институт маҳалла тизимидаги ислоҳотларни илмий таҳлил қилиш, илғор тажрибаларни ўрганиш ва оммалаштириш, “еттилик” фаолиятини самарали ташкил этиш бўйича амалий тавсиялар ишлаб чиқиш билан шуғулланади. Ушбу тизим орқали ҳар йили 21 минг нафар маҳалла тизими ва “еттилик” аъзоларининг малакаси оширилади.

Маҳалла фуқаролар йиғинлари бинолари масаласи ҳам муҳокама қилинди. Бугунги кунда 99 та маҳалла ўз биносига эга эмас, яна 84 тасининг биноси шаҳарсозлик нормаларига мос келмайди, 4 та бино эса авария ҳолатида экани қайд этилди.

Тадбиркорлар томонидан маҳалла биноларини хусусий шериклик асосида қуриш, биноларнинг бир қисмига “еттилик”ни бепул жойлаштириш, қолган қисмида эса аҳоли бандлигини таъминлашга хизмат қиладиган кичик цехлар ва сервис объектларини ташкил этиш таклиф қилинди.

Президентимиз мазкур таклифларни қўллаб-қувватлаб, мутасаддиларга “Рақамли маҳалла” платформасини тўлиқ ишга тушириш, маҳаллаларнинг доимий даромад манбаларини кенгайтириш, Маҳаллани ривожлантириш миллий институти фаолиятини ташкил этиш ҳамда маҳалла биноларини хусусий шериклик асосида барпо қилиш бўйича топшириқлар берди.