Қўқонда дунё ҳунармандлари тўпланади

Қўқонда дунё ҳунармандлари тўпланади

averyaryvakeryker.jpg 

 

     Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2018 йил 1 ноябрдаги «Халқаро ҳунармандчилик фестивалини ўтказиш тўғрисида»ги ҳамда 2021 йил 23 августдаги «Халқаро кулолчилик форуми ва кулолчилик маҳсулотлари кўргазма-савдосини ўтказиш тўғрисида» қарорлари асосида 2025 йилнинг сентябр ойида Қўқон шаҳрида Учинчи халқаро ҳунармандчилик фестивали ва унга уйғун ҳолда Риштон туманида Халқаро кулолчилик форуми ўтказилиши режалаштирилган.

     Халқаро миқёсдаги мазкур тадбирнинг Қўқон шаҳрида ўтказилаётгани бежиз эмас. Чунки ушбу шаҳар қадимдан ҳунармандчилик ривожланган маданий марказлардан бири бўлиб келган. Бу ерда ҳунармандчилик ва халқ амалий санъатининг турли йўналишлари юксак даражада тараққий этган. Уста-шогирд анъаналари, ҳунармандларнинг оилавий сулолалари унинг сир-асрорларини аждодлардан авлодларга етказиб келмоқда. Бугунги кунда ҳам Қўқон шаҳрида ҳунармандчилик анъаналари изчил ривожланмоқда. Хусусан, ёғоч ўймакорлиги, қоғозгарлик, чилангарлик, заргарлик каби ҳунармандчиликнинг кўплаб турлари равнақ топмоқда.

     Форум доирасида халқаро илмий-амалий анжуман, форум қатнашчиларининг энг сара асарлар кўргазмаси ва маҳаллий ва хорижий кулоллар маҳсулотлари кўргазма-савдоси, “Кошинпазлик – ютуқ ва муаммолар ҳамда кулолчилик маҳсулотларини ишлаб чиқилиш ва экспорти соҳасидаги муваффақиятлар ва тўсиқлар” мавзусида давра суҳбати ўтказилади шунингдек, «Энг яхши кулол»; «Энг яхши кулолчилик мактаби устаси»; «Кулолчилик бўйича қадимий сулола давомчиси»; «Қадимий анъаналарни қайта тиклаган кулол»; «Энг ёш маҳоратли кулол» ; «Энг моҳир аёл кулол» каби номинациялар бўйича ғолиблар махсус диплом ва пул мукофотлари билан тақдирланади.