Ислом архитектураси дурдоналари
Ислом архитектураси дурдоналари

Доҳада жойлашган “Al Jazeera” медиа тармоғи нашри “Тошкент... Марказий Осиёда ислом архитектураси дурдоналарининг очиқ музейи” сарлавҳали мақола эълон қилди.
Эътироф этилишича, Тошкентда Марказий Осиёдаги ислом меъморчилигининг кўзга кўринган намуналари саналадиган тарихий обидалари бисёрдир. Тошкентда замонавий иморатлар ўрта асрларда бунёд этилган масжидлар, диний мактаблар билан уйғунлашгани, шу тариқа шаҳар ноёб сайёҳлик масканига айланган.
Эски маҳаллаларидаги Ҳазрати Имом ва Сузук Ота масжидлари, Кўкалдош мадрасаси, Абул Қосим зиёратгоҳи, Шайх Хованди Тоҳур ва Юнусхон мақбаралари маҳаллий ва хорижлик сайёҳлар энг кўп ташриф буюрадиган манзиллар қаторига киради.
Кўплаб ўзига хос тарихий биноларни бирлаштирган Ҳазрати Имом Марказий Осиё меъморчилигининг ёрқин намуналаридан биридир. Машҳур диний олим Абу Бакр Ал-Қаффол Аш-Шоший шарафига шундай номланган мазкур мажмуа таркибига мақбара, Бароқхон ва Мўйи Муборак мадрасалари, шунингдек Шайх тепалиги ва Ҳазрати Имом масжиди киради.