Инсоний қадриятлар ва маънавият улуғланмоқда
Инсоний қадриятлар ва маънавият улуғланмоқда
Президентимизнинг шу йил 21 апрелдаги “Фуқароларнинг виждон эркинлиги ҳуқуқи кафолатларини янада мустаҳкамлаш ҳамда диний-маърифий соҳадаги ислоҳотларни янги босқичга олиб чиқиш чора-тадбирлари тўғрисида”ги фармони соҳада ислоҳотлар янги босқичга чиққанидан далолат беради.
Юртимизда хилма-хил диний эътиқодга эга инсонларнинг бир заминда ягона халқ бўлиб, эзгу ғоя атрофида ҳамжиҳатликда яшаши бағрикенгликнинг ёрқин намунасидир. Бугун юртимизда 130 дан ортиқ миллат ва элат ҳамда 16 та конфессия вакиллари тинч-тотув яшамоқда. Хусусан, бугунги кунда Ўзбекистонда фаолият юритаётган диний ташкилотлар сони 2 минг 356 тага етиб, шундан 2 минг 159 таси исломий, 197 таси бошқа конфессияларга тегишлидир. Сўнгги саккиз йилда Ўзбекистонда жами 130 та — 3 та олий ва 1 та ўрта махсус ислом билим юрти, 102 та масжид ҳамда турли конфессияга тааллуқли 24 та ноисломий диний ташкилот давлат рўйхатидан ўтказилди. 2017 йилга қадар мамлакатимизда 1 та олий (Имом Бухорий номидаги Тошкент ислом институти) ҳамда 11 та ўрта махсус диний таълим муассасаси (9 та исломий, 2 та христиан) фаолият юритган. Бугун эса 16 та диний таълим муассасаси бор, уларнинг 4 таси олий ўқув юртидир.
Ўзбекистондаги ислом цивилизацияси маркази, Имом Бухорий, Имом Мотуридий, Имом Термизий халқаро илмий-тадқиқот марказлари, Ўзбекистон халқаро исломшунослик академияси, Самарқандда Ҳадис илми мактаби, Бухорода Мир Араб олий мадрасаси ташкил этилди. Ушбу муассасалар “Жаҳолатга қарши маърифат” эзгу умуминсоний ғояси асосида жамиятда соғлом маънавий муҳитни таъминлашга, ёшларни замонавий фикрлайдиган ва буюк аждодларимизга ҳар жиҳатдан муносиб этиб тарбиялашга хизмат қилмоқда.