“Инсон – жамият – давлат” тамойили
“Инсон – жамият – давлат” тамойили
Мамлакатимизда “инсон – жамият – давлат” тамойили конституциявий қонунчилик ва конституциявий амалиёт даражасида мустаҳкамланган. Шу боис, охирги етти-саккиз йилда ижтимоий давлатнинг асосий талаблари амалда тўлиқ қўлланилмоқда.
Хусусан, ижтимоий давлат сифатида сифатли таълим, малакали тиббий ёрдам, оилалар, болалар, аёллар, қариялар, ногиронлиги бор шахсларни ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш, муҳтожларни уй-жой билан таъминлаш, хавфсиз меҳнат шароитини яратиш, камбағалликни қисқартиришга қаратилган ислоҳотларни аҳолимиз кундалик турмуш тарзида ҳис қилиб яшамоқда.
Сўнгги етти-саккиз йилда тиббиёт ва таълимга ажратилаётган маблағлар 6-7 карра оширилди. Мактабларда 1 миллионга яқин, боғчаларда 1,5 миллион янги ўқувчи ўринлари яратилди. Боғча билан қамров 3 карра ошиб, 78 фоизга етди. 60 минг ўқитувчи ҳозирда 8-12 миллион сўм маош олаяпти. Боғча тарбиячилари ойлиги 65 фоизга ошиб, мактаб ўқитувчилари маошига тенглашди, ҳар йили 2 минг нафар хотин-қизнинг олий таълим олишдаги харажатлари қоплаб берилмоқда. Камбағалликни қисқартириш ва аҳолини ижтимоий ҳимоя қилиш мақсадида жорий йил бюджетдан 500 миллиард сўм маблағ йўналтирилган.
2025 йил 1 июлдан бошлаб пенсиялар ва нафақалар ҳамда кам таъминланган оилаларга болалар нафақалари ва моддий ёрдам тўловлари миқдорлари 10 фоизга оширилиши белгиланди. Ушбу ташаббус аҳолининг катта қисми учун нафақат озиқ-овқат, балки дори-дармон, коммунал тўловларга ҳам ёрдам бўлади.
Болалар нафақаси миқдорининг ошиши оила бюджетига сезиларли енгиллик олиб келади. Масалан, уч нафар фарзанди бор оила ойига камида 740 000 сўм нафақа олади. Стипендия билан кун кечираётган талабалар учун китоб, транспорт, овқат ва бошқа эҳтиёжлар учун қўшимча маблағ пайдо бўлади.