Инсон манфаати – олий мезон
Инсон манфаати – олий мезон

Янги Ўзбекистоннинг бош ғояси – “Инсон қадри учун” деган тамойил шунчаки чиройли шиор сифатида қолиб кетмади. У давлат аппаратининг мазмунини, мансабдорнинг фикрлаш тарзини ва жамиятдаги муҳитни тубдан ўзгартирган кучли ислоҳотга айланди. Бугун ортга қараб, шу йиллар ичида ижро ҳокимияти, давлат хизматларини кўрсатиш ва бюрократияга қарши курашда эришилган натижаларни бир нафасда кўздан кечириш, истиқболдаги вазифалар ҳақида мушоҳада юритиш мумкин.
Янги давр маъмурий ислоҳотларининг энг катта тарихий ва ижтимоий ғалабаларидан бири – бу инсоннинг эркин ҳаракатланиш ва яшаш жойини эркин танлаш ҳуқуқининг қайтариб берилиши бўлди. Бугун ўша кунларни жилмайиш билан эсга оламиз, у пайтларда Тошкентнинг ўзига хос, ёзилмаган “қоидалари” амал қиларди. Пойтахтда тирикчилик қилиш, каттароқ мақсадлар сари интилиш имкониятлари кенгроқ, электр таъминоти барқарор, ҳатто бензин нархи ҳам вилоятлардагидан анча арзон эди. Шу сабабли кўпчиликнинг нигоҳи Тошкентга қадалганди. Табиийки, шаҳарнинг ўз талаблари бор эди, остонадан ҳатлаб ўтишингиз билан ёнингизда доим шахсни тасдиқловчи ҳужжат бўлиши шартлигини ҳис қилардингиз, водийлик юртдошларимиз эса паспортсиз довондан ошишни хаёлига ҳам келтира олмасди.