Имом Бухорий халқаро илмий-тадқиқот марказининг 2024 йилдаги фаолияти ва 2025 йилги режалари
Имом Бухорий халқаро илмий-тадқиқот марказининг 2024 йилдаги фаолияти ва 2025 йилги режалари

Ўзбекистон Миллий матбуот марказида Имом Бухорий халқаро илмий-тадқиқот маркази томонидан “Имом Бухорий халқаро илмий-тадқиқот марказининг 2024 йилги фаолияти якунлари ва жорий йилдаги режалари” мавзусида матбуот анжумани ўтказилди. Анжуманда эътироф этилганидек, ҳисобот даврида хориждаги 5 та етакчи илмий-тадқиқот маркази ва университет билан ҳамкорликка оид меморандумлар имзоланди. Ҳамкорлар билан долзарб мавзуларда 52 та халқаро конференция, илмий семинар ва давра суҳбатлари ташкил этилди.
Марказ фондида 16 та қўлёзма, 8 та тошбосма китоб (жами 24 та манба) жамланди. Жумладан, аҳоли қўлида сақланаётган 6 та қўлёзма китоб ва 8 та тошбосма китоб (жами 14 та манба) ҳадя сифатида қабул қилинди, жисмоний шахслардан 10 та қўлёзма китоб харид қилинди.
Марказ қўлёзмалар фондида сақланаётган 120 та китоб (218 та асар)нинг 23 минг 573 варағи сканер қилиниб, электрон нусхалари тайёрланди. Марказ фондида сақланаётган 88 та қўлёзма асар аннотацияси www.bukhari.uz сайтига жойлаштирилди. Шунингдек, 178 та қўлёзма китоб саҳифалари чанг-ғубордан тозаланиб, консервация қилинди.
Марказ электрон базаси 1 минг 403 та қўлёзма ва тошбосма асарларнинг электрон нусхалари билан бойитилди. Туркия қўлёзма асарлар бош бошқармасидан Имом Бухорий асарларининг 20 та электрон нусхаси олиб келинди.