Илм ва маънавиятнинг юксак чўққиси

Илм ва маънавиятнинг юксак чўққиси

 

vprovprovprovproapr.png

 

       Ислом цивилизацияси тарихида чуқур из қолдирган улуғ мутафаккирлар орасида Маҳмуд Замахшарий алоҳида ўрин тутади. Бутун умри давомида илм ва маърифатни ҳаёт мазмуни деб билган бу зотнинг номи мусулмон оламида «Жоруллоҳ» — яъни «Аллоҳнинг қўшниси» сифатида эҳтиром билан тилга олинади. Унга берилган бу унвон тасодифий эмас, балки умрининг муайян қисмини Каъба яқинида, Маккада илм излаш ва асарлар битишга бағишлагани туфайлидир.

      Афсуски, Маҳмуд ёшлигида бошидан оғир синовни кечиради — бир касаллик сабаб бир оёғидан оқсоқланиб қолади. Лекин бу жисмоний нуқсон уни руҳий тушкунликка туширмайди, аксинча, илмга янада жиддийроқ шўнғишига сабаб бўлган. Оғир меҳнатга қодир эмаслиги боис отаси уни мадрасага беради. Айнан мадрасада Маҳмуднинг билимга чанқоқлиги янада чархланади. У араб тили ва адабиёти, хаттотлик, диний илмларни пухта эгаллаган.

    Маҳмуд Замахшарий серқирра ижодкор эди. У араб тили грамматикаси, луғатшунослик, адабиёт, жўғрофия, тафсир, ҳадис ва фиқҳга оид 50 дан ортиқ асар яратди. Унинг асарлари нафақат Шарқда, балки Ғарбда ҳам машҳур бўлган.

    Араб тилининг назарий асосларини ишлаб чиқишда Замахшарийнинг «Ал-Муфассал» асари алоҳида ўрин тутади. Бу грамматик қўлланма араб тили наҳвини мукаммал ва тизимли ифодалаб бергани сабабли юқори қадрланган. Унинг юксак даражаси ҳақида олимлар:  «Агар бу турк (Замахшарий) бўлмаганида, араблар ўз тилларининг наҳвини унутиб юборган бўларди», — деб таърифлашган.

       Алломанинг «Атвоқуз заҳаб фил Мавоиз вал хутаб» рисоласи ахлоқ-одоб, тарбиявий насиҳатларга бағишланган. «Рабиул аброр ва нусусул ахёр» эса адабий-бадиий йўсинда ёзилган бўлиб, тарихий ва маънавий маълумотларга бой.

       Маҳмуд Замахшарий нафақат ўз даврининг, балки кейинги асрларнинг ҳам маънавий-маърифий ҳаётига улкан таъсир кўрсатган йирик алломадир. Чуқур билими, зукколиги, илмга садоқати уни «Араб ва ажам устози», «Хоразм фахри» сифатида тарихга муҳрлади. Бугун ҳам унинг мероси илм аҳлининг қўлидан тушмайдиган бебаҳо бойлик сифатида қадрланмоқда.