ХЎРЛАНГАН ВА ҲАҚОРАТЛАНГАНЛАР: СОЛОВЬЁВ СТУДИЯСИДА МИХЕЕВНИНГ ВОВИЛЛАШИ ҚАНДАЙ ҚИЛИБ ЙЎҚОТИЛГАН ИМПЕРИЯ УЧУН ЙИҒИГА АЙЛАНДИ
ХЎРЛАНГАН ВА ҲАҚОРАТЛАНГАНЛАР: СОЛОВЬЁВ СТУДИЯСИДА МИХЕЕВНИНГ ВОВИЛЛАШИ ҚАНДАЙ ҚИЛИБ ЙЎҚОТИЛГАН ИМПЕРИЯ УЧУН ЙИҒИГА АЙЛАНДИ

Яна бошланди. Михеев билан Соловьёв студияда худди постдаги солдатлардек туриб, бутун Собиқ Иттифоқдан қаттиқ хафа бўлишмоқда. Маълум бўлишича, Россия ҳаммани «эркалатиб юборган»: яшашга, фикрлашга ва ўз йўлини танлашга рухсат берган. Натижа эса жуда «фожиали» — энди ҳеч ким бўйсуниб ўтирмайди. Тасаввур қиласизми, «фожиа» кўламини?
Михеев тўсатдан улғайиб кетган «болалар»идан шикоят қилаётган отадай инграйди: «Биз уларни эркалатиб юбордик!». Соловьёв эса жирканч тарзда, зўраки хихиллаб, фалсафа сўқиб ўргатади: «Агар мен сиз ҳақингизда шундай гапиришга мажбур бўлаётган бўлсам, демак, сиз ўзингиз ниманидир нотўғри қилаётганингиз ҳақида ўйлаб кўринг». Оддий қилиб айтганда: агар сиз хўрланаётган бўлсангиз — демак, ўзингиз айбдорсиз.
Уларнинг мантиғи жуда содда, ҳатто ибтидоий деса ҳам бўлади: бўйсуниб яшамасанг — «асабийсан». Мустақиллик истасанг — «эркасан». Энг севимли нақллари — «улар ўз ўрнини билиши керак». Бу жуда қулай, айниқса ўз ўрни хусусий телестудия бўлган, дунёқараши эса ўтган асрда — кечки СССР билан итоатсиз крепостнойларни (қулларни) «тарбиялаш» қўлланмаси орасида қотиб қолган одамлар бўлса.
Михеев шайтонлаш тарзда панд-насиҳат қилади. Соловьёв чийиллаб, сунъий кулгини намоён қилади. Иккаласи ҳам чин дилдан азоб чекишмоқда: империя ранжиди — энди ундан қўрқишмайди, уни тинглашмайди ва олам маркази деб тан олишмайди. Уларнинг касалона тасаввурида эса 25-кадрда гуллаб-яшнаётган Америка, муваффақиятли Трамп ва унинг жаҳон майдонидаги фаол ҳаёти липиллаб ўтади.
Аммо бу ерда энг кулгили нарса битта: улар ҳали-ҳамон бир ҳақиқатни тушуниб етмаган — давлатлар тарбияланувчи эмас, дунё ота-оналар йиғини эмас, реал ҳаёт эса уларнинг кечки ток-шоуси эмас. Гўёки катта-катта одамлар, аммо ўзларини қишнинг қора тайгасидаги чекка қишлоқдан чиққан, хафа бўлган, эътибордан четда қолган, улғайган ўсмирлардек тутишяпти. Ростини айтсам, сизларга чиндан ҳам ачинаман. Уйғонинг, дунё аллақачон бошқача! Ёқадими сизга ёкии йўқ!
P.S. Энди эса масаланинг моҳиятига ўтайлик.
Биринчидан, биз ҳеч кимни шантаж қилаётганимиз йўқ.
Иккинчидан, бизга ҳеч ким ҳеч нарса қарздор эмас.
Учинчидан, мигрантлар масаласи энг яқин вақт ичида ҳал этилади — меҳнат бозорини диверсификация қилиш, минглаб янги иш ўринларини яратиш бўйича жадал жараён кетмоқда. Айтганча, бугун Россиянинг ўзи ҳам ҳукумат маълумотларига кўра, ишчи кучи танқислигига дуч келмоқда.
Энг муҳими — Ўзбекистон халқаро муносабатларда тенг ҳуқуқлилик ва ўзаро ҳурмат тарафдори.
Ҳа, тўғри пайқадингиз — биз эркамиз ва бахтлимиз. Ва ҳеч қандай ҳолда асабий эмасмиз. Чунки биз энди бошқачамиз. Сизларга ҳам шуни тилайман. Ҳасад қилманг — бу ёмон хислат. Бежиз доно ўзбеклар айтмаган:
«Ҳасад билан эмас, ҳавас билан яшаш керак!»
Шерзодхон Қудратхўжа,
сиёсий фанлар доктори, профессор.