ХХРнинг Гуанчжоу шаҳрида “G.T STUDIO” (Guangzhou Jiuchuan Culture Development Company) компанияси билан ўтказилган музокаралар тўғрисида.
ХХРнинг Гуанчжоу шаҳрида “G.T STUDIO” (Guangzhou Jiuchuan Culture Development Company) компанияси билан ўтказилган музокаралар тўғрисида.

1. УЧРАШУВДАН МАҚСАД:
“Янги Ўзбекистоннинг янги сувенирлари” лойиҳаси доирасида Хитойнинг етакчи креатив дизайн компаниялари билан ҳамкорлик алоқаларини ўрнатиш, замонавий ёшлар аудиториясига мос миллий бренд ва креатив маҳсулотлар ишлаб чиқиш имкониятларини ўрганиш ҳамда Марказий Осиё бозори учун ҳамкорлик механизмларини шакллантириш.
2. МУЗОКАРАЛАР ВА КОМПАНИЯ ФАОЛИЯТИ БИЛАН ТАНИШУВ
2026 йил 9 май куни Ўзбекистон ишчи гуруҳи аъзолари Гуанчжоу шаҳридаги “G.T STUDIO” (расмий сайти: G.T STUDIO) компаниясига ташриф буюриб, компания раҳбарияти ва дизайнерлари билан амалий музокаралар ўтказди.
• Маълумот учун: Мазкур компания Хитойда ёшлар креатив дизайни соҳасидаги етакчи компаниялардан бири ҳисобланади. Компаниянинг асосий жамоаси таркибида Хитой ва хорижда танилган 12 нафар машҳур рассом ва дизайнер фаолият юритади. Уларнинг ижодий ишларида юқори санъат ва замонавий трендлар уйғунлашган бўлиб, ёшлар аудиторияси қизиқишларига тўлиқ мос келади.
Бу компания Disney, Warner Bros., NBA ва Pepsi каби халқаро брендларга дизайнерлик хизматлари кўрсатиб келаётгани билан, юқори профессионал даража ва халқаро тажрибага эгалигини тасдиқлаб туради..
Ишчи гуруҳ компаниянинг креатив ишланмалари, бренд концепциялари, дизайнерлик ечимлари ва IP (интеллектуал бренд персонажлари) яратиш жараёнлари билан танишди. Шунингдек, Ўзбекистон миллий маданияти асосида замонавий ёшлар аудиторияси учун креатив маҳсулотлар ишлаб чиқиш масалалари муҳокама қилинди.
3. ЭРИШИЛГАН КЕЛИШУВЛАР ВА НАТИЖАЛАР
Музокаралар якунида томонлар ўртасида қуйидаги йўналишлар бўйича дастлабки келишувларга эришилди:
1. Креатив дизайн хизматлари: Компания Ўзбекистон учун креатив маҳсулотлар дизайнини ишлаб чиқиш, эскизлар тайёрлаш ва бренд IP концепцияларини яратиш бўйича тўлиқ хизматлар кўрсатиши.
2. Қўшма лойиҳалар: Томонлар юқори сифатли креатив маҳсулотларни биргаликда ишлаб чиқиш ва уларни Марказий Осиё бозорида илгари суриш бўйича ҳамкорлик қилишга келишиб олдилар.
3. Стратегик ҳамкорлик: “Янги Ўзбекистоннинг янги сувенирлари” бренди доирасида узоқ муддатли ва барқарор ҳамкорлик муносабатларини шакллантириш.
4. Маданий алмашинув: Хитой ва Ўзбекистон ўртасида креатив индустриялар ва маданий алмашинув соҳасида қўшма ташаббусларни амалга ошириш.
4. ХУЛОСА ВА ТАКЛИФЛАР
Ўтказилган учрашув “G.T STUDIO” компаниясининг юқори бадиий салоҳияти, халқаро тажрибаси ва замонавий ёшлар бозорига йўналтирилган инновацион ёндашувини намоён этди. Бу эса “Янги Ўзбекистоннинг янги сувенирлари” лойиҳаси доирасида халқаро даражада рақобатбардош ва замонавий креатив маҳсулотлар яратиш учун муҳим асос бўлиб хизмат қилади.
Шу муносабат билан, компания билан дастлабки техник топшириқлар ва пилот маҳсулот концепцияларини ишлаб чиқиш бўйича кейинги амалий босқичга ўтиш мақсадга мувофиқ деб ҳисобланади.
Ишчи гуруҳ раҳбари: __ (Т. Кузиев).