Хаттотлик санъати

Хаттотлик санъати

be3.jpg

             Бугун қайта чирой очаётган тарихий обидалар, уларнинг пештоқидаги хаттотлик намуналари киши эътиборини ўзига тортади. Айниқса, юртимизга ташриф буюраётган сайёҳларда катта қизиқиш уйғотади.

Хаттотлик Шарқ мамлакатларида ўзига хос алоҳида йўналиш касб этган ва фан даражасига кўтарилган бебаҳо санъатдир. Ўрта Осиё халқлари томонидан ислом динининг қабул қилиниши муносабати билан бу ўлкага “Қуръон карим” нозил қилинган араб ёзуви кириб келди. Ўрта Осиё халқлари муомаласидаги қадимий уйғур, ўрхун-энасой, суғд, хоразмий ёзувлари истеъмолдан чиқиб, VII аср охиридан Қуръон ёзуви илму фан ва давлат ишларида расмий ёзувга айланди.

Тарихдан маълумки, араб ёзуви ислом динининг маънавий-маърифий ҳамда маданий тараққиёти учун хизмат қилган. Ушбу ёзувининг график асослари бир хил бўлишига қарамасдан, ундаги ҳарфлар шакл жиҳатдан турли услубларда битилган.

Араб ёзувининг дунёдаги бошқа халқлар ёзувидан фарқли жихати шундаки, бу ёзувнинг гўзаллигига алоҳида эътибор берилиши натижасида, у маъно ташиш воситасидан ташқари, кишиларга юксак эстетик завқ берувчи санъат асарига айланган. Бу санъат азалдан Шарқда ҳуснихат, хаттотлик, Ғарбда эса каллиграфия номи билан кенг шуҳрат қозонган.

Ўрта асрларда, ҳали китоб босиш техникаси ихтиро этилмаган вақтда ҳар қандай асар қўлда кўчирилиб, китобат қилинар эди. Шу боис, китоб кўчириш ўша даврда энг эътиборли ҳунар ва санъат ҳисобланган. Бу ҳунар эгалари хаттот ёки котиб деб юритилган.

Шарқда «котиб» деганда худди ҳозиргидай оддий техник ишни бажарувчи ходим эмас, балки ўз замонасининг маданий ҳаётида муҳим роль ўйнаган илммаърифат аҳли ва йирик маданият арбоби назарда тутилган. Санъаткор хаттотларнинг ёзган хатлари маъно ифодалаш баробарида, кишиларни ҳаяжонга солиб, уларга эстетик завқ берган.

Котиб қалами билан ёзилган ҳар бир хат бебаҳо ўлмас асар ҳисобланган. Муҳаммад бин Ҳусайн атТибий, Мир Али Табризий, Султон Али Машҳадий, Мир Али Хисравий, Мунис Хоразмий ва Аҳмад Донишлар шулар жумласидандир.

Буюк аждодларимиз илҳомланиб, хатнинг турлари ва хилма-хил услубларини ихтиро қилишган. Шулардан бири 28 ҳарфдан иборат араб алифбосининг дастлабки шакли Насхи Ҳижозий қадимдир. Мусҳаф Усмон ҳам мана шу хатда битилган. Халифа ҳазрати Усмон ибн Аффон даврига келиб Қуръони карим мукаммал китобат килинган ва ундан кўплаб нусхалар кўчириш бошланган.

Мазкур нусхаларнинг айримлари Ўрта Осиё ҳудудларига келтирилган. Шайх Жамолиддин Ёқут Жазоирий (277 - 397/891-1007й.) улуғ хаттот Ибн Муқла шакллантирган машҳур етти хатни мукаммаллаштиради. Шунингдек, у насх хатининг ихтирочиларидан биридир. Ундан кейин Ибн Баввоб (ваф.мил. 1022й.) хам хат услубларига сайқал бериб, 36 хил хат турининг 17 хилини яратган.

Бироқ яратилган барча услубларнинг асосини етти хилдаги хат тури ташкил этган. Булар қуйидагилар:

1. Муҳаққақ хати – бу хатнинг кўпроқ қисми текис, қолган бўлаклари думалоқ шаклда ёзилади. Мазкур жихатларига кўра бу хат ҳижозий ва кўфий хатига кўпроқ ўхшайди. Шу боис Ибн Муқла бу хатни «муҳаккақ» деб номлаб, уни бошқа турдаги хатлардан биринчи, деб атаган.

2. Сулс – бир нарсанинг учдан бир ҳиссаси ёки учинчи ҳиссаси демакдир. «Сулс хати» дейилишига сабаб шуки, бунда қаламнинг учинчи ҳиссаси ишлатилади ёки қаламнинг учдан бир ҳиссаси кўпроқ ишга солинади. Ибн Баввоб биринчи бўлиб, нуқта ўлчовларига таянган ҳолда сулс хати ҳарфлари шаклининг график асосларини ихтиро этган.

3. Райҳоний хати сулс хатидан келиб чиққан бўлиб, бундай ном ушбу хатнинг ёзилиш шакли райҳон баргларига ўхшашлиги учун берилган.

4. Насх хатининг ихтирочиси машҳур санъаткор хаттот Ибн Муқладир. Бу хат юзага чиқиб, шуҳрат қозонгандан кейин бошқа хатларнинг барчаси мансух бўлиб, яъни ишлатилмай қолди. Илмий адабиёт ва қўлёзмаларда кўп учрайдиган «ғубор хати» насх хатининг майда қаламда ёзилишидир. Матнлар рақамларга ўхшаш жуда майда ёзилгани учун «ғубор» деб аталган.

Машҳур хаттотлардан бири Саид Қосим битта гуруч донасига ғубор хати орқали “Ихлос” сурасини ёзган. Манбаларда, ғубор хатининг ихтирочиси у киши эканлиги кўрсатилган.

5. Тавқиъ хатининг ярми текис, ярми юмалоқ чизиқдан ташкил топган. Ҳижозий хатига ўхшашлиги бор. Ўтмишда қозилар ва ҳокимлар хужжатларни айнан тавқиъ хати билан имзолаганлар. Идора ва маҳкамаларда фармонларга, мактубларга, қўлёзмаларга тавқиъ услубида имзо қўйилган.

6. Риқоъ хатининг хусусиятларидан бири, унда аксарият ҳарфлар бирбирига қурама қилиб ёзилади. Риқоъ “руқъа” сўзининг кўплиги бўлиб, «қоғоз парча», «мактублар» деган маънони билдиради. Тавқиъ ва риқоъ хатининг ихтирочиси номаълум. Қўпинча мактублар, кишиларга юбориладиган хатлар, ёзишмалар риқоъ хатида битилган.

7. Таълиқ хати аслида риқоъ хатидир. Риқоъ хатини ҳар ким турли шаклларга солиб ёзишидан таълиқ хати юзага келган. Хожа Тожиддин Сулаймон ушбу услубни ихтиро килган кишилардан бирилир. Хожа Тожиддин яратган таълиқ хати риқоъ хатининг шохчасидир. Бу хат иншо ва мактубларга тегишли бўлиб, муншийлар (иншо ёзувчилар) уни чўзиқроқ шакл орқали ёзганлар. Баъзи манбаларда Абул Олий исмли хаттот таълиқ хатининг ихтирочиси деб кўрсатилган ва бу услуб кўпроқ форсий матнларни ёзиш учун мўлжалланган.

Мазкур хат турлари хаттотлар тилида “Ал-хутут ас-сабъа” яъни “етти хат” деб юритилади. Моҳир хаттот мазкур хатларнинг хар бирини билиши лозим.

Юқорида қайд этилган хат турларининг ҳар бири махсус ўринларда қўлланилган. Кўфий хати нақшин безак ўрнида фойдаланилган, насх хати асосан китоб матнларини кўчиришда, сулс хати – ёдгорлик обидалар пештоқ ёзувлари ва лавҳаларда, тавқиъ хати имзода, риқоъ хати мактубларда ишлатилган. Бу етти ҳат услубининг хар бири ингичка – хафий ва йўғон – жалий қаламларда ёзилишига кўра, ўн тўрт хил хатни ташкил этади.

Настаълиқ “насх” ва “таълиқ” атамаларининг бирикувидан ташкил топган. Мир Али Ҳиравий ҳамда Мир Али Табризий мазкур икки услуб асосида настаълиқ хатини кашф этганлар.

Настаълиқ хати диёримизда кенг қўлланиб, унда кўплаб китоблар битилган.

Анъанага кўра, қитъа, чорбайт (тўртлик), рубоий, ғазал, насиҳатомуз шеърлар асосан жалий қаламда абри бахор қоғозида тўрт қатор ёки ундан кўпрок қилиб, атрофлари бир неча хил гуллар, тилла сувли нақшлар билан безатилиб ёзилган ва мураққа (альбом) ҳолида сақланган ёки шишали чорчўп (рамка)ларда мехмонҳона деворига илиб қўйилган. Бу қитъалар бир неча юз тилла танга нархида баҳоланган.

Баъзи қитъаларнинг олд ёки орқа томони миниатюра, атиргул, рангли безаклар билан безатилган. XVI - XVII асрларга келиб, ҳуснихат санъати оламида катта бурилиш юз беради. Мир Убайд Бухорий Бухорода насх хати асосида янги хат равиши “Насхи Мир Убайдий” ёхуд “Насхи Бухорий” хатини ихтиро килади. Бу хат ўзинингжозибадор кўриниши ва энг муҳими ёшу қари қийналмасдан ўқий олиши билан ҳар қандай кишини ўзига мафтун этган. Шу боис бу хат Ўрта Осиё ва Хуросонда кенг ёйилиб, унда Қуръонлар китобат қилинган.

Хаттотлик санъати фақатгина китобат билан чегараланмаган.

Аждодларимиз меъморчилик ва халқ амалий санъатининг барча жабҳаларида ҳуснихатдан фойдаланишган. Жумладан, иншоотларнинг ички (интеръер) ваташқи (экстерьер) кўринишларини  ҳикматли сўзлар ёзуви билан безатишган. Ҳар бир иншоот ёки муассасанинг фаолияти унинг ташқи кўринишидаги безаклардан англашилган. Масалан, илму маърифат масканлари ташқи безагида илмга ва маънавиятга тарғиб этувчи, карвонсарой ва чойхоналарда эса меҳр-оқибатга чорловчи ҳикматли сўзлар ва хадислар, масжидларда ибодатга чорловчи “Қуръон”дан оят ҳадислар, мақбара ва зиёратгоҳларда дуо, зикр-тиловатлар битилган. Мисол учун: Улуғбек мадрасаси деворий битикларида “Таълим олиш ва илм ўрганиш дунёда иззат, охиратда мартабага эга қилади” мазмунидаги ёзувлар акс эттирилган.

Ўрта Осиё хаттотлик санъати тараққиёти тарихига бир назар солсак, VII–X асрларда Араб халифалигининг марказий шаҳарлари – Макка, Кўфа ва Басрада яратилиб, кейинчалик халифаликнинг бошқа ҳудудларига тарқалган хат турларидан фойдаланган ҳолда Мовароуннаҳр хаттотлик мактаби вужудга келганини билиб оламиз. Аҳмад ибн Умар Ашъас Абу Бакр Самарқандий (XI аср), Аҳмад Табибшоҳ Мовароуннаҳрий (вафоти 1215 йил), Али Банокатий (XIII аср), Жамшид Шоший (XIV аср) каби хаттотлар ушбу мактаб вакиллари сифатида донг таратганлар.

XIV–XV асрларда илм-фан, маданият ва санъатнинг барча соҳаларида бўлгани каби хаттотлик санъатида ҳам мисли кўрилмаган юксалиш кузатилди. Шу даврдан бошлаб Ўрта Осиёнинг турли минтақаларида бир неча хаттотлик мактаблари пайдо бўлди.

XV асрда Темурийлар сулоласи ҳукмдорларининг қўллаб-қувватлашлари билан вужудга келган Ҳирот хаттотлик мактаби Султонали Машҳадий (1437–1520), Дарвеш Муҳаммад Тақий Ҳиравий (XV асрнинг биринчи ярми), Абдулжамил Котиб (вафоти 1505/1506 йил) каби вакиллари билан элга танилган.

XVI асрда Шайбонийлар сулоласи хонлари саъй-ҳаракатлари билан асос солинган Бухоро хаттотлик мактаби Мирали Ҳиравий (вафоти 1557 йил), Мир Убайд Бухорий (ваф. 1601 й.), Мир Ҳусайн Кўланкий Бухорий (XVI аср), Саййид Абдуллоҳ Бухорий (вафоти 1647), Ҳожи Ёдгор (вафоти 1663), Аҳмад Дониш (1826–1897) каби вакиллари билан шуҳрат қозонди.

XVIII аср бошларида Хива ва Қўқон хонликлари ҳудудида Хоразм ва Фарғона хаттотлик мактаблари, XIX асрда эса Самарқанд ва Тошкент хаттотлик мактаблари шаклланди.

Хоразм хаттотлик мактаби ўзининг Мунис Хоразмий (1778–1829), Комил Хоразмий (1825–1899) каби намояндалари билан танилган бўлса, Фарғона хаттотлик мактаби Мирзо Мирзо Шариф Дабир (XIX аср), Муқимий (1850–1903), Самарқанд хаттотлик мактаби Очилдимурод Мирий Каттақўрғоний (1830–1899), Абдулжаббор Ургутий Самарқандий (1885–1910), Тошкент хаттотлик мактаби эса Муҳаммад Юнус Котиб (XIX аср) ва Муҳаммад Шоҳмурод Котиб (1850–1922) каби вакиллари билан машҳур бўлди.

Хаттотлик санъатидан меъморчилик ва халқ амалий санъатида ҳам кенг фойдаланилган. Юртимизда азалдан меъморий иншоотлар – масжидлар, мадрасалар ва мақбараларнинг ташқи ва ички деворлари, пештоқлари турли нақшлар билан биргаликда хаттотлик услубларида ёзилган битиклар – Қуръони карим оятлари, ҳадислар, ҳикматли сўзлар ва шеърий парчалар билан безатилга