Халқаро таълим стандартлари асосида кадрлар тайёрлаш бўйича янги ёндашувлар тақдимоти
Халқаро таълим стандартлари асосида кадрлар тайёрлаш бўйича янги ёндашувлар тақдимоти

Президент Шавкат Мирзиёев халқаро таълим стандартлари асосида ўрта махсус, касбий ва олий таълим дастурларини жорий этиш, нуфузли хорижий университетлар билан академик ҳамкорликни кенгайтиришга қаратилган таклифлар тақдимоти билан танишди.
Мамлакатимизда сўнгги саккиз йилда олий таълим тизимини ривожлантириш, ёшларнинг сифатли таълим олиши учун имкониятларни кенгайтириш бўйича кенг кўламли ислоҳотлар амалга оширилди.
Жумладан, олий таълим билан қамров даражаси 9 фоиздан 44 фоизга, талабалар сони эса 270 минг нафардан 1,7 миллион нафарга етди. Жорий йилнинг ўзида 643 та техникумнинг 100 тасида Германия, Буюк Британия, Швейцария, Хитой ва Корея каби давлатларнинг илғор касбий таълим дастурлари жорий этилмоқда.
2030 йилга қадар камида 5 та олийгоҳни умумий рейтинг бўйича, яна 10 тасини фан йўналишлари кесимида дунёнинг энг яхши 500 та университети қаторига киритиш мақсад қилинган. Шунингдек, 100 та олийгоҳ дастурини халқаро аккредитациядан ўтказиш, камида 150 та техникумда халқаро таълим дастурларини жорий қилиш режалаштирилган.
Олий таълим муассасалари битирувчилари ва педагогларининг камида 30 фоизини хорижий тил, касб ва мутахассислик бўйича халқаро сертификатлар билан таъминлаш, техникумларнинг 2,5 минг нафар ҳамда олийгоҳларнинг 20 минг нафар педагогини хорижда малака оширишга юбориш вазифалари белгиланган.
Тақдимотда интеграциялашган таълим дастурларини кенг жорий этиш масалаларига алоҳида эътибор қаратилди.
Бугунги кунда қатор олийгоҳларда хорижий университетлар билан қўшма дастурлар йўлга қўйилган. Аммо улар асосан икки олийгоҳ ўртасида ташкил этилиб, талабаларнинг таълим йўналишини эркин танлаш имконияти чекланган.
Халқаро амалиётда эса интеграциялашган дастурлар талабага ўқиш давомида бир нечта университетда таълим олиш, турли мамлакатлар академик муҳити ва таълим стандартларидан фойдаланиш имконини беради.
Тақдимотда етакчи хорижий олийгоҳлар жойлашадиган Тошкент халқаро университетлар шаҳарчасини ташкил этиш таклифи муҳокама қилинди.
Бунда Қатардаги “Education City”, Бирлашган Араб Амирликларидаги Дубай халқаро академик шаҳри ва Корея Республикасидаги Инчхон глобал кампуси тажрибасидан фойдаланиш таклиф қилинди.
Университетлар шаҳарчасида нуфузли хорижий олийгоҳлар филиалларини жалб қилиш, кампуслар ва талабалар турар жойларини барпо этиш, лицензия талабларини соддалаштириш, грант ва стипендиялар ажратиш, божхона ва солиқ имтиёзларини қўллаш, шунингдек, роялти тўловларининг бир қисмини қоплаб бериш бўйича таклифлар ишлаб чиқиш топширилди.
Асосий мақсад Ўзбекистонни халқаро таълим дастурлари ва стандартлари кенг жорий этилган, минтақадаги етакчи таълим марказига айлантириш экани таъкидланди.
Президентимиз таклифларни маъқуллаб, интеграциялашган таълим дастурларини босқичма-босқич кенгайтириш, уларнинг сифатини халқаро талабларга мувофиқ таъминлаш, нуфузли хорижий университетлар билан узоқ муддатли академик ҳамкорликни йўлга қўйиш бўйича мутасаддиларга тегишли топшириқлар берди.