Халқаро Олимпия куни нишонланди
Халқаро Олимпия куни нишонланди

Республика Олимпия ва Паралимпия спорт турларига тайёрлаш марказида Ўзбекистон Спорт вазирлиги, Миллий Олимпия ва Паралимпия қўмиталари, “LUKOIL Uzbekistan Operating Company” раҳбарияти, Ўзбекистон спортининг таниқли юлдузлари, турли федерация ва ассосациялар вакиллари, ёш атлетлар ҳамда оммавий ахборот воситалари ходимлари иштирокида Халқаро Олимпия куни кенг нишонланди.
Бу йилги байрам “LUKOIL Uzbekistan Operating Company” билан ҳамкорликда ўтказилди. Компания мамлакатимизда Олимпия ҳаракатини қўллаб-қувватлаш мақсадида бир қатор спорт мактабларига Бирлашган кураш дунёси стандартларига тўла жавоб берадиган замонавий гиламлар совға қилди.
Байрам давомида ёш спортчилар футбол, бадминтон, камондан отиш, стол тенниси, дзюдо, ўзбек жанг санъати, кураш, таэквондо, қиличбозлик ва 3х3 баскетбол каби спорт турларида кўргазмали чиқишлар намоён этди. Ташриф буюрган меҳмонлар эса ўзлари учун қизиқарли бўлган спорт йўналишларида ўз имкониятларини синаб кўрди, спортчилар билан мулоқот қилди.