Фармацевтика саноати ва инновацион тиббиёт
Фармацевтика саноати ва инновацион тиббиёт

Тошкентда Ўзбекистон Республикаси Фанлар академияси кўмагида Осиё регенератив тиббиёт ассоциациясининг биринчи йирик халқаро конференцияси бўлиб ўтди.
Етакчи олимлар, амалиётчи шифокорлар ва халқаро экспертлар иштирокидаги мазкур конференция илмий тадқиқотлар, таълим ҳамда клиник амалиёт ўртасидаги ўзаро ҳамкорликни кучайтиришда муҳим аҳамият касб этди. Тадбир доирасида ассоциациянинг асосий вазифалари — регенератив тиббиётда илм-фанни мустаҳкамлаш, мутахассисларнинг малакасини ошириш, халқаро миқёсдаги анжуманлар ва маҳорат дарсларини ташкил этиш, илмий изланишларни қўллаб-қувватлаш ҳамда замонавий профессионал стандартларни шакллантириш масалаларига алоҳида эътибор қаратилди.
Конференция Осиё регенератив тиббиёт ассоциациясини олимлар, шифокорлар ва халқаро экспертларни бирлаштириш ҳамда Ўзбекистонда ушбу йўналишни ривожлантириш учун кучли профессионал платформа яратиш мақсадида ташкил этилди.
Мазкур халқаро тадбир Ўзбекистонда юқори технологик ва илм-фанга асосланган тиббиётни янги босқичга кўтариш, аҳолига кўрсатиладиган тиббий хизматлар сифатини тубдан яхшилаш ҳамда мамлакатимизнинг халқаро илмий ҳамжамиятдаги нуфузини янада оширишга хизмат қилади.