Чорвачилик ва паррандачиликни ривожлантириш чора-тадбирлари
Чорвачилик ва паррандачиликни ривожлантириш чора-тадбирлари

Президент Шавкат Мирзиёев чорвачилик ва паррандачилик тармоқларини ривожлантириш, гўшт ва сут маҳсулотлари ишлаб чиқаришни кўпайтириш ҳамда соҳага замонавий технологияларни жорий этиш чора-тадбирлари юзасидан тақдимот билан танишди.
Мамлакатимизда аҳоли сони ва туризм оқимининг ўсиши озиқ-овқат маҳсулотларига бўлган талабни ҳам оширмоқда. Ҳозирги кунда гўштга бўлган йиллик талаб 2 миллион 150 минг тоннани, ишлаб чиқариш ҳажми эса 1 миллион 600 минг тоннани ташкил этмоқда.
Шу боис, тақдимотда 2026-2028 йилларда чорвачилик маҳсулотлари ишлаб чиқариш ҳажмини ошириш бўйича ишлаб чиқилган комплекс чоралар муҳокама қилинди.
Фаолият юритмаётган корхоналарни тиклаш, чорвачиликка ихтисослашган туманларни қўллаб-қувватлаш, аҳоли хонадонларида енгил конструкцияли молхоналар қуриш ва янги лойиҳаларни амалга ошириш ҳисобига қўшимча 190 минг тонна гўшт ишлаб чиқариш имконияти мавжудлиги қайд этилди.