“Буюк ипак йўли афсонлари” китобининг тақдимоти
“Буюк ипак йўли афсонлари” китобининг тақдимоти

Ўзбекистоннинг Лондондаги элчихонасида таниқли ўзбек ёзувчиси, сценарист ва жамоат арбоби Гулчеҳрабегим Маҳмудованинг “Буюк ипак йўли афсонлари” китобининг тақдимоти бўлиб ўтди.
Буюк Британиядаги “Тўмарис” аёллар бирлашмаси кўмагида ташкил этилган тадбир британияликлар орасида ўзбек маданияти ва Буюк ипак йўлининг цивилизациявий аҳамиятини тарғиб қилишга қаратилган.
Тадбирда иштирок этган Британиядаги ўзбек диаспораси аъзолари, маданият арбоблари ва маҳаллий жамоатчилик вакиллари бу каби ташаббуслар маданий алоқалар ва халқаро мулоқотни мустаҳкамлашда муҳим аҳамият касб этишини таъкидлади.
Инглиз тилида нашр этилган китобда Буюк ипак йўли билан боғлиқ афсоналар, тарихий воқеалар ва маданий анъаналар бадиий ифода қилинади. Муаллифнинг сўзларига кўра, мазкур китоб халқаро аудиториянинг юртимиз бой тарихий ва маданий меросига бўлган қизиқишини оширишга хизмат қилади.
Лойиҳа хорижда мамлакатимиз ижобий имиджини шакллантириш ҳамда Ўзбекистон ва Буюк Британия ўртасидаги гуманитар алоқаларни мустаҳкамлаш йўлидаги яна бир муҳим қадам бўлди.