Бурҳониддин Марғиноний
Бурҳониддин Марғиноний

Буюк мутафаккир, ислом фиқҳининг ривожланишига ҳисса қўшган, файласуф аллома, шоир, тавхид илми билан шуғулланган ва ислом оламида Шайх-ул ислом унвонига сазовор бўлган Бурҳонуддин ал-Марғиноний улуғ фақихдир.
Бурҳонуддин ал-Марғиноний Фарғона вилоятининг Риштон қишлоғида туғилган, сўнгра Марғилон шаҳрида 13 йил яшаган. Ўзининг машҳур «Ҳидоя» асарининг биринчи қисмини шу ерда ёзган. Ҳаётининг асосий қисмини эса Самарқанд шаҳрида ўтказган. 1178 йили апрель ойида «Ҳидоя» асарини тугатган.
Бурҳонуддин ал-Марғиноний дастлабки таълимни Марғилонда олиб, кейинчалик Мовароуннаҳрнинг ўша даврдаги диний ва маърифий маркази бўлган Самарқандга кўчиб борган ва умрининг охиригача ўша ерда яшаган. Мавлоно Бурҳонуддин ал-Марғиноний ёшлик чоғлариданоқ Қуръони каримни ёд олиб, ҳадисларни чуқур ўрганган.
У балоғат ёшига етганида мукаммал илмга эга бўлганига қарамай устозлардан таълим олишни давом эттирди. 1149 йили Бурҳонуддин ал-Марғиноний ҳаж сафарига борди. «Китоб ул-машойих» («Шайхлар ҳақидаги китоб») асарида у ўзи таълим олган 40 дан ортиқ шайх ва алломани санаб ўтган. Бу рўйхатда Нажмуддин Умар ибн Муҳаммад ан-Насафий, Абу ал-Асир ал-Байдавий, Абу Ёқуб ас-Саярий, Абу Исҳоқ ан-Навқадий, Жаъфар ал-Ҳиндувонийларнинг номлари бор.
Кейинчалик у фиқҳга оид масалалар билан қизиқиб, ўша даврнинг кўзга кўринган алломаларидан «Ал-Муҳит» («Илмлар денгизи») асарининг муаллифи Умар ибн Мааза, «Ал-Фатава ва фавоид аз-Заҳира» («Фатволар ва зоҳир нарсаларнинг фойдалари») асарининг муаллифи Зоҳир уд-дин ибн Умар ал-Қодий ал-Бухорий ибн ал-Итобий ва бошқаларнинг назарига тушган.
Бурҳониддин Марғинонийни дунёга танитган асар “ал-Ҳидоя” эканлигини яхши биламиз. Бинобарин, “ал-Ҳидоя” ислом ҳуқуқшунослигининг энг асосий қўлланмаларидан биридир. Бу асарда дастлабки фиқҳ олимларининг яратган энг йирик асарларидаги бош ғоя ва мазмун жамланган. Шу боис ҳам Заҳириддин Муҳаммад Бобур бу тўғрида ёзар экан: “Яна соҳиби”Ҳидоя”ким, Имом Абу Ҳанифа мазҳабида “Ҳидоя”дин муътабарроқ китоби фиқҳ кам бўлғай, Фарғонанинг Марғинон отлиқ вилоятидандур, ул ҳам дохили Мовароуннаҳрдур” – дейди.