Бобурийларнинг тарихий миниатюралари
Бобурийларнинг тарихий миниатюралари

Президентимиз ташаббуси билан бунёд этилган Ўзбекистондаги Ислом цивилизацияси маркази экспозицияларида Бобурийлар даври маданий мероси, хусусан миниатюра санъати намуналари билан танишиш мумкин. XVII-XIX арсларда яратилган ушбу миниатюраларда сулоланинг кўплаб вакиллари, сарой мулозимлари, маданият ва санъат намояндалари тасвирланган бўлиб, Ўзбекистон тарихида илк бор бобурийларга оид миниатюраларнинг асл нусхаларини юртимизда намойиш этилмоқда.
Бобурийлар даври Ҳиндистон ўлкаси тарихидаги энг ёрқин даврлардан бирига айланди. Бу сулола мамлакатни 333 йил давомида, Британия босқинига қадар – 1858 йилгача бошқарган. Бобурийлар темурийлар маданиятини Ҳиндистонга олиб келиб, уни маҳаллий қадриятлар, урф-одатлар ва анъаналар билан моҳирона уйғунлаштириб бойитган.
Бобурийлар даври тасвирий санъатида маҳаллий маданият ва темурийлар анъаналари ютуқларининг ўзига хос уйғунлигини кўриш мумкин. Сулоланинг Бобур, Ҳумоюн, Акбар, Жаҳонгир, Шоҳ Жаҳон, Аврангзеб каби вакиллари мамлакатда илм-фан, санъат ва маданият ривожига катта ҳисса қўшган.
Бобурий ҳукмдорлар буюк мусаввир Камолиддин Беҳзод ижодини юқори баҳолаганлар. Унинг суратларини асраб-авайлаганлар. Сарой миниатюрачилари бу суратлардан нусхалар кўчирганлар, Беҳзод ижодидан портрет-суратлар чизиш маҳоратини ўзлаштирганлар.
Барча авлодлар ўз сулоласининг асосчиси – Бобурга катта ҳурмат ва эҳтиром кўрсатишган ва унинг портретларини ўша даврда яратилган қўлёзма китобларга киритишган. Бобурнинг ҳаётлик даврида яратилган портрет образлари бор ёки йўқлиги ҳозиргача номаълум. Унинг қизил салла ўраган ҳолда боғда китоб ўқиётгани акс эттирилган машҳур миниатюраси кейинги даврларда кўплаб тасвирий санъат асарларига асос бўлди. Ҳозирда ушбу миниатюра Лондондаги Британия кутубхонасида сақланади.