Бобораҳим Машраб
Бобораҳим Машраб

Ўз ижоди билан ўзбек адабиётида халқчиллик, ижтимоийлик ва дунёвийликнинг чуқурлашувида, жаҳолат ва бидъатта қарши кураш ғояларининг кучайишида, шеърият шаклларининг такомиллашуви ҳамда бадииятнинг камолга эришувида катта ўрин тутган сўз усталаридан бири - Бобораҳим Машраб 1640 йилда Наманганда камбағал косиб-бўзчи Валибобо оиласида дунёга кедди.
Маълумотларга кўра Бобораҳим отадан ёш етим қолади, оиланинг моддий қийинчиликлари ортади. Онаси ип йигириб тирикчилик ўтказади.
Бўлажак шоирнинг гўдаклигиданоқ ниҳоятда ҳалол, зийрак, тўғрисўз бўлганлиги, ҳозиржавоб ва мушоҳадалиги билан тенгқурларидан ажралиб туриши алоҳида таъкидланади. Ўз даври билимдонларидан, хусусан дин асослари ва фалсафадан дурустгина бохабар бўлгани учун Наманганнинг сўфий эшони Мулла Бозор Охунд номи билан шуҳрат қозонган Хўжа Убайдулло қўлига таҳсил олишга топширилган. Бобораҳим маълум муддат Мулла Бозор Охундда диний таълимот ва сўфий тариқатлари бўйича билимини опшради, форсий тилни ўрганади, айни замонда, Шарқ шеъриятини, хусусан, унинг йирик вакиллари меросини қизиқиш билан мутолаа қилади.
Тахминан 1665 йилларда Мулла Бозор Охунд тавсиясига қўра ўша замонда катта обрўга эга бўлган йирик дин арбоби кошғарлик Ҳидоятулло Офоқ Хожа эшон ҳузурига боради. Бобораҳим кўп билимлар соҳиби, фозил Офоқ Хожага сидқидиддан мурид тушади, уни ўзига муршиди комил деб қабул қилади ва етти йил унинг даргоҳида хизматини ўтайди, юмушларини бажариб, сабоқ олади, муридлари қаторида кун кечиради. Қиссаларда таъкидланишича, шеъриятни юксак қадрлаган Офоқ Хожа Бобораҳимнинг ижодий иқтидорини юқори баҳолайди, ҳатто «Машраб» тахаллусини ҳам у тавсия этади.
Машраб тахминан 1672—73 йилларда ОфоқХожа даргоҳини тарк этишга мажбур бўлди. Шоир ҳаёт йўлини баён этувчи қиссаларда қайд этилишича, бунга Машрабнинг пири даргоҳидаги канизларининг бирига кўнгил қўйгани, севиб-севилгани расмий сабаб бўлган. Аммо Машрабнинг оғир жисмоний жазоланиб қувилиши заминида пир билан мурид ўртасидаги жиддий ғоявий зиддиятлар бўлган дейилса ҳақиқатга мувофиқ бўлади.
Машраб Кошғардан 1673 йилда Наманганга — онаси ёнига қайтади. Касалманд онасининг вафотидан кейин ҳеч кими қолмаган шоирнинг қўнимсиз ҳаёти бошланади. Унинг кейинги деярли қирқ йиллик умри доимий сафарда, дарбадарликда, турли ўлкаларда мусофирликда ўтди.
Турли адабий-тарихий манбалар, шунингдек, қисса нусхалари Машраб борган шаҳар-юртлари, сафар тартиби ҳақида хилма-хил, кўпинча бири-биридан фарқли маълумотлар беради. Уларда шоирнинг Самарқанд, Хўжанд, Тошкент, Туркистон, Бухоро, Андижон, Бадахшон, шунингдек, Яқин Шарқнинг қатор ўлкаларига борганлиги ҳақида сўзланади. Машрабнинг адабий меросида ҳаёт йўлининг қатор нуқталари жумласида юқорида саналган шаҳар — ўлкаларнинг кўплари зикр этилади. Машрабнинг бирор шаҳар-қишлоққа келиши изсиз ўтмас эди, маълум шов-шувларга сабаб бўларди: оддий халқ самимият ва хурсандчилик билан, ҳоким, амалдорлар, риёкор руҳонийлар эса ҳадиксираб, душман кўзи билан совуқ қарши олардилар.
Бобораҳим Машраб ҳаёти ва ижод йўли ҳақида маълумот берувчи тарихий манбалар кўп эмас. Унинг номи XVIII—XIX асрларда тузилган айрим тазкира ва тасаввуфий йўналишдаги асарларда (Муҳаммад Бадеъ Малеҳоннинг «Музаккир ул-асҳоб», «Тазкираи Фаҳмий», «Мусавваи Абдушшукур Зиё», «Тазкираи авлиёи Мажзуб Намангоний») зикр этилади. Аммо уларда шоир ҳаёти ва ижодий фаолияти ҳақида келтирилган маълумотлар ниҳоятда кам, узуқ-юлуқ ва бири-бирига зид. Машрабнинг қоддирган адабий мероси хусусида ҳам аниқ маълумот берувчи манба йўқ. Унинг ўз асарларини тўплаб девон ёки бирор мажмуа тузганлиги маълум эмас. Фақат «Девони Машраб», «Девонаи Машраб», «Эшони Машраб», «Ҳазрати шоҳ Машраб» номлари остида халқ орасида қўлёзма ва тошбосма шаклида жуда кенг тарқалган қиссалардагина (уларнинг ким томонидан ва қачон тузилганлиги аниқ белгиланган эмас) шоирнинг ҳаёт йўли ва ижодий фаолияти маълум тартиб ва изчиликда баён этилади, асарларидан намуналар келтирилади.
Машраб қўнимсиз ҳаётининг сўнгги нуқтаси Балҳда ҳам худди шундай бўлди: ҳоким табақа, риёкор руҳонийлар унга ўзларининг ашаддий душмани деб қарадилар ва жисман йўқотиш ниятида бўлдилар. Натижада, «Тазкираи Фаҳмий»да қайд этилганидек, «дар соли 1123 ҳижрий дар Қундуз бафатвои уламо ва ҳукми Маҳмудбий Қатоғон шаҳид карда шуда», яъни 1711 милодий йилида Қундузда (Балх вилоятида) уламоларнинг фатвоси ва Маҳмудбий Қатоғон (Балх, Қундуз ҳокими)нинг ҳукми билан шаҳид бўлди».