Беҳбудий мероси
Беҳбудий мероси
Имом Бухорий халқаро илмий-тадқиқот маркази томонидан Ғаллаорол тумани ихтисослаштирилган мактабида буюк жадид, маърифатпарвар ва Туркистон миллатпарварлари етакчиларидан бири Маҳмудхўжа Беҳбудийнинг 150 йиллиги муносабати билан маънавий-маърифий тадбир ташкил этилди.
Маҳмудхўжа Беҳбудий XIX аср охири ва XX аср бошларида Туркистонда кечган миллий уйғониш жараёнларининг энг фаол ва илғор намояндаларидан бири эди. Унинг асосий мақсади илм ва маърифат орқали миллатни озодликка йўллаш, жаҳолат зулматидан қутқариш бўлган. Шу мақсадда мутафаккир янги услубдаги мактаблар ташкил этиб, эски усулдаги таълим тизимини ислоҳ қилишга киришган. 1911 йилда ёзган “Падаркуш” драмаси орқали ўзбек драматургиясига асос солган. 1913 йилда эса “Самарқанд” газетаси нашрини йўлга қўйиб, миллий матбуотни ривожлантириш тарихида ҳам улкан из қолдирди.
Тадбир иштирокчилари Беҳбудийнинг тил масаласидаги хизматларини алоҳида қайд этди. 1918 йилда у Туркистондаги рус маъмурларига мурожаат қилиб, туркий тиллар орасида ўзбек тили давлат тили сифатида тан олиниши кераклигини таъкидлаган. Мутафаккирнинг фикрича, миллий ривожланишнинг асосий устуни – бу ўз она тилига эга бўлишдир. Шу боис бу таклиф ўша пайтдаги ҳукмрон доираларга маъқул келмаган, албатта. Шунга қарамай, Беҳбудий ўзбек тили ва туркий тилларнинг нуфузини оширишга интилган.