Янги Тошкент қад ростламоқда
Янги Тошкент қад ростламоқда

Кейинги 8-10 йил ичида 6 минг гектар майдонда Янги Тошкент қад ростлайди. 30 млрд доллардан ортиққа баҳоланган лойиҳа илғор шаҳарсозлик намунаси бўлиши кўзда тутилган.
Янги Тошкентнинг бош архитектори Саидазим Шариповнинг сўзларига кўра, шаҳарнинг маъмурий маркази 140 гектар жойни эгаллайди. Унинг икки ёнида давлат хизматчиларининг уйлари қад ростлайди. Маъмурий ҳудуд шаҳарча марказидан ўтувчи энг асосий, бошқалардан кенглиги билан ажралиб турувчи булвар кўча орақли маданий ҳудудга уланади.
Янги Тошкент қурилишининг биринчи босқичида Низомий номидаги Тошкент давлат педагогика (40 гектар), Янги Ўзбекистон (50 гектар) ва Вебстер (20 гектар) университетлари кўчирилиши белгиланган. Юридик университет учун ҳам кампус қурилиши кўзда тутилган.
Янги шаҳардаги йўлларда устуворлик жамоат транспорти ва пиёдаларга берилади. Ҳозирда метро қурилиши бошланган. Метро еростидан ўтади: Янги Ўзбекистон кўчаси бўйлаб, Олимпия шаҳарчаси орқали, “Дўстлик” метро бекатига боғланади. Дастлабки босқичда янги метро бекатлари сони 3 та бўлади.
Шаҳар бўйлаб трамвай линияси метро тармоқлари билан боғланади. Линия Чорвоқ сув омборига кетаверишдаги 4Р12 автомобил йўлидан Чирчиққача бўлган ҳудуддан ўтади. Бунинг лойиҳаси алоҳида мутахассислар томонидан ишлаб чиқилган.
Лойиҳага кўра, янги шаҳарнинг камида 30 фоиз ҳудуди яшилликдан иборат бўлиши керак. Энергетика тизимида асосий ресурс электр энергияси бўлади, газдан фойдаланилмайди. Биноларни совутишда сплит шаклдаги анъанавий кондиционерлар эмас, балки худди иссиқ сув таъминоти каби йўлга қўйиладиган муздек (-6 даража совуқ) сув тизимидан фойдаланилади.