Али Қўшчи

Али Қўшчи

vaovyovrovrovpr.png

 

     «Ўз даврининг Батлимуси» деб танилган Али Қушчининг тўлиқ номи Алоуддин Али ибн Муҳаммад ал-Қушчи бўлиб, у Самарқандда туғилиб ўсган ва XV асрда илмий фаолият кўрсатган математик ва астрономлардандир. Унинг туғилиш санаси маълум бўлмаса-да, XIV аср охири ё XV аср бошида туғилган деб тахмин қилинади.

    У Улуғбек саройидаги Муҳаммад исмли овчи қушларга қаровчи бир кишининг ўғли бўлиб, шу сабабли унга Қушчи лақаби берилган. У отасидан етим қолганидан сўнг Улуғбекнинг тарбиясида бўлгани боис, Улуғбек уни ўз «Зиж»ининг сўзбошисида «фарзанди аржуманд» дейди.

     Али Қушчи бошланғич ва шаръий билимларни Самарқанд олимларидан, математик ва астрономик билимларни эса Қозизода Румий билан Улуғбеқдан олади. Бир маълумотга кўра, у ёшлигида берухсат Самарқанддан ғойиб бўлади-да, Кермонда бироз муддат маҳаллий олимлардан билим ўрганади ва яна Самарқандга, Улуғбек ҳузурига қайтиб келиб, узр сўрайди, Кермонда ёзган ойгагаг шаклларига тааллуқли энг биринчи асарини унга тақдим этади.

     Улуғбек 1424 йили ўзининг машҳур расадхонасига асос солади, иш бошланиши биланоқ Жамшид Коший, бир неча йилдан сўнг Қозизода Румий ҳам вафот этади. Шунда Улуғбек расадхонадаги қурилиш ишларига ва астрономик кузатишларга ёш олим Али Қушчини мутасадди қилиб қўяди.

     Али Қушчи умрининг кўп қисмини Самарқандца ўтказади. Фақат 1449 йили Улуғбек ўлдирилиб, мирзолар ўртасида рўй берган низодан афсусланиб, аста-секин бу ерда илмий ишларни тўхтатишга мажбур бўлади, лекин улардан ҳаж сафарига рухсат олишга муяссар бўларкан, бу ердан Озарбайжонга кетиб, бирор муддат Табризда туради. У ерда уни маҳаллий ҳоким Узун Ҳасан ўз саройига таклиф қилиб, унга нисбатан катта ҳурмат ва эҳтиром изҳор этади. Али Қушчи ҳажни бажо келтирган ё келтирмагани ҳақида маълумотга эга эмасмиз. Лекин у ўз сафарининг пировардида Усмонли султон Абул Фотиҳ Султон Муҳаммад II нинг саройига келади. Султон уни жуда илиқ қабул қилиб, ўзига яқин тутиб, доимий яшаш учун Истамбулда қолишни таклиф этади. Али Қушчи бу таклифни қабул этади ва султоннинг рухсати билан яна Табризга қайтиб бориб, у ерда турган икки юзга яқин қариндош-уруғлари ва яқинларини Истамбулга олиб келади. Султон уни жуда зўр дабдаба билан кутиб олади.

     Али Қушчи 1472 йил баҳоридан бошлаб Айя София мадрасасига бош мударрис этиб тайинланади. Унинг қариндошлари ва яқинлари ҳам ўзларига муносиб вазифаларга тайинланадилар.

     Али Қушчининг туғилган йили аниқ бўлмаса ҳам, ўлган санаси жуда аниқ. Бу сана  1474 йил 17 декабрига тўғри келади. У Истамбулдаги Абу Аййуб Ансорий мақбарасида дафн этилган.

     Али Қушчининг илмий асарлари ижоди фан тарихида ниҳоятда муҳим ўрин тутади. У ўрта асрлардаги Мовароуннаҳрда ривож топган аниқ фанлар соҳасидаги буюк олимларнинг энг сўнгги намояндаси бўлиши билан бирга Усмонли турклардаги биринчи энг йирик ва кўзга кўринган олим бўлган. Ҳозирги замон турк тарихчиларининг эътироф этишича, Истамбулга Али Қушчи келгунига қадар «илми ҳайъатда у даража бир соҳиб вуқуфи мавжуд бўлмаган эди». Истамбулга Али Қушчи келиши билан бу мамлакатда қисқа муддат ичида астрономия фани соҳасидаги ишлар йўлга қўйидди ва пировард натижада Мирам Чалабий ва бошқа атоқли зотлар юзага келди.

      Истамбулга Италия, Германия, Австрия ва Голландиядан рассомлар, муҳандислар, ҳарбий мутахассислардан ташқари астрономия ва математика мутахассислари ҳам тўпланган эди. Хусусан, Германиядан ҳисобдон «коссистлар» келган эди. Биринчи бўлиб Самарқанд олимларининг ютуқларидан ана ўшалар баҳраманд бўлдилар. Шу тариқа Улуғбек ва унинг «Зиж»и ҳақидаги хабарлар мелодий XV аср охиридаёқ Оврўпога етди. Бунда эса Али Қушчининг хизмати каттадир.