Абдулла Авлоний

Абдулла Авлоний

  rovapryvapryapirvyapr.jpg

     Машҳур ўзбек маърифатпарвари, шоири ва жамоат арбоби Абдулла Авлоний 1878 йил 12 июлда Тошкентда ҳунарманд оиласида туғилган.

     У эски мактабда савод чиқарган, мадрасада таҳсил олган. Оиладаги моддий қийинчиликлар туфайли болалигидан одамлар эшигида меҳнат қилган, ғишт қуйиш, сувоқчилик, печкачилик, дурадгорлик, бинокорлик каби касблар билан шуғулланган «Иморатчи уста» деган ном олган.

     Абдулла Авлоний шеърлари 15 ёшидан бошлаб матбуотда кўрина бошлаган. Жадидчилик ҳаракати раҳбарларидан бири бўлган Авлоний 1904 йилда Тошкентнинг Миробод маҳалласида жадид мактабини, 1909 йилда «Жамияти хайрия» уюшмасини ташкил этган.

     У  1905-1917 йилларда матбуотдаги қизғин фаолияти, кўплаб публитсистик мақолалари билан «бир ёқдан миллий ислоҳот учун мафкура ҳозирлағон, иккинчи ёқдан эл орасига ўзгариш тухмини сочғон» ҳам  Абдулла Авлоний бўлган. 1907 йилда Авлоний ўзи нашр этган «Шуҳрат»  номли газетаси фаолиятини шундай юқори баҳолаган эди.

     Абдулла Авлоний Туркистонда биринчилардан бўлиб мактабга география, кимё, хандаса, физика фанлари киритилишига таъсир кўрсатган, таълимни  турмуш билан боғлашга интилиб, бир дарс билан бошқаси ўртасида муайян танаффусни, бир синфдан иккинчисига ўтишдаги имтиҳонни жорий этган, таълим тизимининг дунёвий йўналишини кучайтиршига алоҳида эътибор берган.

     Унинг «Биринчи муаллим» («Муаллими аввал», 1909), «Иккинчи муаллим» («Муаллими соний», 1912) номли дарсликлари, «Туркий гулистон ёхуд ахлоқ» (1913), «Гулистони мактаб» (1917), «Адабиёт ёхуд миллий шеърлар» (1909-1916, 6 қисм) каби қўлланмалари мактабларда ўқитилган.

     Авлоний «Турон» (1917) газетасига «Яшасин халқ жумҳурияти» деган шиорни танлади, «Турон» номли театр тўгарагини ташкил этиб, иқтидорли ёшларни тўплади, айрим ролларни ижро этишда ўзи ҳам қатнашган. Шоир турли ўқув юртларида дарс берган. Абдулла Авлонийнинг Ҳижрон, Нобил, Индамас, Шуҳрат, Сурайё, Шапалоқ, Чол, Аб, Чегибой деган тахаллуслари бўлгаи.

     Абдулла Авлоний ўзбек халқи маорифи ва маданияти тараққиётида иштирок этибгина қолмай, қўшни афғон халқининг ижтимоий-сиёсий ҳаётида ҳам муайян роль ўйнаган. У маълум муддат Афғонистон халқ маорифи вазири, сўнг Шўролар Иттифоқининг Афғонистондаги консул элчиси вазифаларида хизмат қилган. Авлоний умрининг сўнгги йилларида Ўрта Осиё Коммунистик университетида дарс бериш билан бирга ўзбек адабиётидан қатор дарсликларни яратган.

     У 1934 йил 24 августда Тошкентда вафот этган.