Жиззах гўзал шаҳарга айланади
Жиззах гўзал шаҳарга айланади

Жиззах шаҳрининг қайта ишлаб чиқилган бош лойиҳаси тасдиқланди. Унга кўра вилоят марказида каттагина ўзгаришлар амалга оширилиши режалаштирилган.
Қайта ишлаб чиқилган бош лойиҳага асосан ҳозирги Шароф Рашидов туманига қарашли бўлган 24 та маҳалла фуқаролар йиғинларининг ҳудудлари Жиззах шаҳрига қўшилиши белгиланди. Жиззах шаҳрининг маъмурий-ҳудудий чегараси эса 4896,8 гектардан 12 минг 850 гектарга ёки 2,6 баробардан кўпроққа кенгаядиган бўлди. Маъмурий жиҳатдан шаҳар ҳокимлигига бўйсунадиган аҳоли пунктлари ҳамда шаҳар таркибига қўшилаётган ҳудудларни ҳисобга олган ҳолда аҳоли сонининг ўсиши 460 минг кишини ташкил этади.
Шаҳар ҳудуди 4 та режалаштириш қисмига асосланиб, Жиззах шаҳрининг шарқий, шимоли-шарқий ҳамда жануби-шарқий, марказий ҳудуди қисмларини қамраб олади ва меҳнат, дам олиш, тиббиёт ва таълим муассасаларини ўз ичига олган тураржой, ишлаб чиқариш, маъмурий, спорт ва бошқа функционал зоналар мажмуасидан иборат бўлади.
2025 - 2027 йилги “Инвестиция дастури”га киритилган Жиззах шаҳрининг аввалдан таркибида бўлган барча объектларида лойиҳа ҳужжатлари ишлаб чиқилган бўлиб, ушбу топшириқлар ижроси шаҳар бош лойиҳасида ҳам инобатга олинган.
Бош режага асосан Жиззах шаҳри қиёфаси тубдан ўзгариб, замонавий кўриниш касб этади. Жиззах мамлакатимиздаги энг гўзал шаҳарлардан бирига айланади.