Зангиота -мусулмон оламида маълуми машҳур
Зангиота -мусулмон оламида маълуми машҳур
Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев “Яратганнинг меҳри, назари тушган бу заминдан Шайх Умар Боғистоний, Хожа Аҳрор Валий, Абу Бакр Шоший, Абу Сулаймон Банокатий каби азиз авлиё ва алломалар етишиб чиққанини тарихдан яхши биламиз. Айниқса, буюк аллома Ойхўжа ибн Тошхўжа – Занги отанинг номи, бу муборак зотнинг Тошкент вилоятидаги зиёратгоҳи мусулмон оламида маълуми машҳурдир” деб таъкидлаган.
Академик Акмал Саидовнинг “Ҳазрат Занги ота” китоби беш қисмли бўлиб, унда Занги ота ҳаёти, таълимоти ва фаолияти кенг ёритиб берилган.
Ушбу китобнинг биринчи нашри тўрт бобдан иборат бўлган эди.Унинг иккинчи нашрида эса янги тадқиқотлар”, “Занги ота ёдгорлик мажмуасидаги битиклар”. “Занги отанинг шажара ва силсилаларига доир янги маълумотлар”, “Ҳазрат Занги ота” китоби: таҳлил ва талқин”, “Занги ота маърифати” ва “Ҳазрат Занги ота” китоби – матбуот нигоҳида” боблари билан тўлдирилган.
Маълумки, “Ҳазрат Занги ота” китоби 2017 йили Нукусда қорақалпоқ тилида ҳам нашр қилинган. Академик – олимнинг тарихни ўрганиш методологияси ҳақидаги фикрлари ҳозирги замон тарихчиларимиз ва файласуфларимиз учун ҳам муҳим илмий ва маънавий аҳамиятга эгадир. Чунки тарихни ўрганишда холислик, манбаларни синчиклаб таснифлаш, тарихий ҳодисалар ўртасидаги алоқадорликларни ҳар томонлама ўрганиш муҳим роль ўйнайди.
Китобга илова қилинган материаллар ҳам жиддий аҳамият касб этади. Иловаларда иқтибос берилиши тартибида Қуръони каримдан олинган сура ва оятлар рўйхати, Занги ота аждодлари шажараси, Яссавия тариқати силсиласи, Ҳазрат Занги ота силсиласи, Хожа Аҳмад Яссавий насабномаси, Яссавия тариқати силсиласининг бир тармоғи, Занги ота ҳақидаги асосий бирламчи манбалар рўйхати, исмлар кўрсаткичи, китобда учрайдиган айрим сўз ва иборалар изоҳи, қабрларни зиёрат қилиш одоби акс этган бўлиб, бу иловалар китобни ўқувчиларга енгиллик яратади.
ёКитоб тарихий хотирани тиклашда, маънавий меросимизнинг илдизларини англашда, яссавия ва нақшбандия тариқатларининг ўзига хос қирраларни тушуниб олишда, инсон қадр-қиммати моҳиятини тўғри талқин қилишда муҳим аҳамиятга эгадир.