Замонавий туризм мажмуаси — «Арда Хива»
Замонавий туризм мажмуаси — «Арда Хива»
Президент Шавкат Мирзиёев 25 гектарлик паст унумли, шўрхок майдонда қурилган «Арда Хива» мажмуаси очилишида иштирок этди.
Хоразм вилоятида сайёҳлар учун қирқдан ортиқ туристик йўналишлар ишлаб чиқилган ва уларнинг умумий сони юзтага етган. Булар қаторига «Арда Хива» мажмуаси ҳам қўшилди.
Мажмуа қадим кент ичра яна бир бетакрор шаҳарни эслатади. Мазкур маскан ўзида тарих ва бугунни уйғунлаштирган меъморий ечими билан ноёб лойиҳа саналади.
Давлат раҳбари мажмуа бўйлаб юриб, бунёдкорлик ишларини кўздан кечирди. Ҳунармандчилик, бадиий ва амалий санъат кўргазмалари ҳамда бозор расталарини томоша қилди.
Бу ерда сайёҳларга хизмат кўрсатиш учун барча қулайликлар яратилган. Хусусан, қадимий шаҳар муҳитини акс эттирувчи бинолар, жами минг ўринли 20 та меҳмонхона қурилган. Очиқ-ёпиқ аквапарк ва аттракционлар, уч минг ўринли амфитеатр ва мусиқали фаввора барпо этилган. Шунингдек, тарихий қиёфадаги 11 та ҳунарманд уйи, шарқона бозор, «Кўҳна Урганч» музейи меҳмонлар учун қизиқарли бўлади. Икки километрлик каналда қайиқда сайр қилиш имконияти ҳам мавжуд.
Бешта кинотеатр ва концерт зали, кўплаб ресторанлар, заргарлик маркази, савдо дўконлари ва расталари, сув мото-туризми жойи ҳамда автотураргоҳ замонавий талабларга мос тарзда қурилган. Ҳудуддаги барча иншоотлар учун ягона совитиш ва иситиш тизими барпо этилган. Электр энергияси таъминоти учун қуёш панеллари ўрнатилган.
Мажмуа йилига уч миллион нафар ташриф буюрувчини қабул қилиш имкониятига эга. Бу ерда икки мингдан зиёд киши иш билан таъминланади.