Жакартада «Имом Бухорий: Ўзбекистон ислом санъати кўргазмаси
Жакартада «Имом Бухорий: Ўзбекистон ислом санъати кўргазмаси

Индонезия пойтахтида « «Имом Бухорий: Ўзбекистон ислом санъати» кўргазмаси очилди.
Кўргазма Ўзбекистоннинг бой маданий меросини акс эттирувчи, Имом Бухорий ҳаёти ва ижодига бағишланган ноёб ҳамда замонавий технологиялар кўмагида яратилган санъат асарлари тўпламидан иборат. Экспонатлар орасида Ўзбекистон ҳунармандлари томонидан яратилган хаттотлик асарлари, кулолчилик буюмлари, каштадўзлик ва заргарлик санъати намуналари, миллий либослар ва миниатюралар ўрин олган.
«Имом Бухорий» креатив гуруҳи томонидан ташкил этилган ушбу кўргазма Индонезияда йилнинг энг муҳим ва ёрқин маданий воқеаси бўлди.
Кўргазма очилишида сўзга чиққан Индонезия маданият вазири Фадли Зон Имом Бухорий ислом оламининг буюк шахсларидан бири эканини қайд этди. «Донишманд Ўзбекистон ҳудудида таваллуд топган. Ул зотнинг қадимий Самарқанд ёнида жойлашган мақбараси бугунги кунда дунё мусулмонларининг муқаддас зиёратгоҳи ҳисобланади. Ушбу зиёрат амалини бажариш ҳар бир индонезияликнинг орзуси. Ишончим комилки, бугун очилаётган Ўзбекистон ислом санъати кўргазмаси халқимизда катта қизиқиш уйғотиб, мамлакатларимиз ўртасидаги халқ дипломатиясини янада кенгайтириш учун туртки бўлади ва маданий-гуманитар алоқаларимизни янада мустаҳкамлашга хизмат қилади», деди маданият вазири.
«Имом Бухорий: Ўзбекистон ислом санъати» кўргазмаси 2025 йил февраль ойига қадар давом этади.