“Жадидлар: миллий ўзлик, истиқлол ва давлатчилик ғоялари” мавзусида халқаро илмий конференция

“Жадидлар: миллий ўзлик, истиқлол ва давлатчилик ғоялари” мавзусида халқаро илмий конференция

 

ghjkljfghjgdhj.jpg 

 

         11 декабрда пойтахтимиздаги “Tashkent City Congress Hall” халқаро ишбилармонлик марказида Миллий масс-медиани қўллаб-қувватлаш ва ривожлантириш жамоат фонди, Қатағон қурбонлари хотираси давлат музейи, Ўзбекистон Фанлар академияси Тарих институти ва Туркий давлатлар ташкилоти ҳамкорлигида “Жадидлар: миллий ўзлик, истиқлол ва давлатчилик ғоялари” мавзусида халқаро илмий конференция бўлиб ўтди.

Мазкур нуфузли тадбирда ҳукумат вакиллари, тарихчи олимлар, адабиётшунослар, шунингдек, АҚШ, Германия, Нидерландия, Озарбайжон, Туркия, Швеция, Қирғизистон, Қозоғистон ва Япониядан ташриф буюрган хорижлик академик, экспертлар иштирок этди.

Дастур аввалида Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёевнинг конференция иштирокчиларига йўллаган мурожаатини Президент маслаҳатчиси – спичрайтер Хайриддин Султонов ўқиб эшиттирди.

“Буюк маърифатпарвар боболаримиз томонидан олға сурилган ғоявий-сиёсий, ижтимоий-маърифий ва ҳуқуқий-ахлоқий қарашлар, турли миллат ва элатлар ўртасида бағрикенглик ва ҳамжиҳатлик тамойилини қарор топтириш билан бирга, миллий манфаатни ҳимоя қилишга қаратилган интилиш ҳозирги мураккаб ва таҳликали замонда барчамиз, аввало, ёшлар учун чинакам ибрат намунасидир. Уларнинг ҳаёти ва жасорати бугунги тинч ва осойишта кунларга осонлик билан эришилмаганини эслатиб, миллий истиқлолимизни, жонажон Ватанимизни кўз қорачиғидай асрашга доимо даъват этиб туради”, дейилади давлатимиз раҳбари мурожаатида.

Шуни алоҳида таъкидлаш керакки, глобал геосиёсий вазиятдаги жараёнлар таъсирида халқларнинг онг-шуурида юз бераётган ўзгаришлар ҳамда бунинг натижасида Ўзбекистондаги ёш авлоднинг миллий тарихимизни ўрганишга бўлган талабининг ошиши конференциянинг долзарб аҳамиятини белгилаб беради.

Анжуманда Ўзбекистон Президенти ёрдамчиси Саида Мирзиёева ҳам иштирок этиб, нутқ сўзлади. Турли мамлакатлардан конференцияга ташриф буюрганларга миннатдорчилик билдириб, мамлакатимиз учун энг муҳим мавзулардан бири – миллат таълим-тарбияси масаласини муҳокама қилиш ва Ўзбекистонда жадидлар бошлаган ишларни давом эттириш вақти аллақачон етиб келганини таъкидлади.

– Жадидларнинг ғоялари, уларнинг орзу-интилишлари Президент Шавкат Мирзиёевнинг сиёсатида ўз аксини топмоқда, десак ҳақиқатдир, -деди Саида Мирзиёева. – Президент етакчилигидаги Янги Ўзбекистон жадид боболаримиз орзу қилганидек, дунёвий ҳуқуқий давлат ва фуқаролик жамиятини бунёд этиш, сифатли таълим тизимини яратиш, сўз эркинлиги ва очиқликни таъминлаш йўлидан дадил одимламоқда.

Анжуманда жадид маърифатпарварларининг ғояларини концептуал жиҳатдан ўрганиш, таҳлил ва муҳокама қилиш ҳамда уларни тизимлаштиришга алоҳида эътибор қаратилди.

Жадидлар томонидан ХХ асрнинг биринчи чорагида яратилган давлат тузилмаларининг қонунчилик базасини таҳлил қилиш орқали уларнинг Туркистонда миллий давлатчилик ривожига қўшган ҳиссасини ўрганиш, жадидлар фаолияти ва ғояларини дунёвий, ҳуқуқий ва демократик жамият бунёд этиш нуқтаи назаридан кўриб чиқилмоқда.

Янги Ўзбекистонни давлатчиликни шакллантириш борасида жадидларнинг ғоявий жиҳатдан меросхўри сифатида намоён этиш эътибор марказида бўлди.

Конференция доирасида жадидлар ва умуман, жадидчилик ҳаракати: унинг туғилиши, ривожланиши, қадриятлар учун курашиши, бостирилиши ва Янги Ўзбекистон замонида ушбу ғояларнинг қайта дунёга келишига бағишланган “Хотира йўлаги” экспозицияси тақдим қилинди.

Конференция 12 декабрь куни ўз ишини давом эттиради. Унда бир вақтнинг ўзидаги сессиялардаги муҳокамалар, шунингдек, ёшларни жалб қилган ҳолда, кенг аудитория учун очиқ панель сессияларини ўтказиш кўзда тутилган.

ЎзА