“Жадид” газетаси – бирлашмоқ даврининг минбари

“Жадид” газетаси – бирлашмоқ даврининг минбари

 

nynvapvyap.jpg 

 

Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёевнинг ташаббуси билан 2024 йилнинг илк кунида “Жадид” газетаси чоп этилди. Ушбу нашр Ватан ва халқ манфаатлари йўлида жон фидо қилган миллат ойдинлари – жадид боболаримиз ҳаёти ва фаолиятини кенг тарғиб этишда ўзига хос тафаккур майдони бўлиб хизмат қилади.

Жадид маърифатпарвар боболаримиз миллатни уйғотиш, уни тараққиёт сари ундаш учун ҳам ишни энг аввало газета таъсис этишдан бошлаган. “Таржимон”, “Ойина”, “Тараққий”, “Садойи Туркистон”, “Садойи Фарғона”, “Нажот”, “Ҳуррият”, “Ал-ислоҳ” каби босма нашрлар орқали миллий истиқлол, ҳуррият, маърифат каби ҳаётбахш ғояларни халқ ичига олиб киришга интилдилар. 

Сўнгги йилларда давлатимиз раҳбари томонидан жадид  маърифатпарвар боболаримизнинг Ватан тараққиёти, миллат равнақи йўлидаги саъй-ҳаракатларини янада кенг тадқиқ этишга алоҳида эътибор қаратилмоқда. 

Президентимиз 2023 йил 22 декабрда ўтказилган Республика Маънавият ва маърифат кенгашининг кенгайтирилган йиғилишида жадид боболаримизнинг миллий тараққиётни ҳар томонлама жадаллаштириш,  зиёли ва ижодкорларни бирлаштиришга дахлдор ташаббуслари қаторида “Жадид”  газетасини таъсис этиш ғоясини қўллаб-қувватлади ҳамда ушбу нашрни янги йилнинг биринчи кунида чоп этиш таклифини илгари сурди.   

Қисқа фурсат давомида – бор-йўғи саккиз кун ичида саккиз саҳифалик газетанинг илк нишона сони нашрга тайёрланди. 

Газета саҳифаларида буюк миллатпарвар, маърифатпарвар  боболаримизнинг миллатни ислоҳ этишга оид ғоялари, "Манбалар", "Тамаддун", "Ойина", "Боқий мерос", "Давр руҳи",  "Мерос", "Мозий сабоғи", "Фикр майдони"  каби рукнлар остида  таниқли адабиётшунослар,  ёзувчилар, публицистлар,  олимлар, тарихчиларнинг илмий-оммабоп  мақолалари жой олди. 

 

ЎзА