Ўзбекистоннинг бой маданий мероси польшалик журналист нигоҳида
Ўзбекистоннинг бой маданий мероси польшалик журналист нигоҳида

Польшанинг журналист Маржена Филипчак"Gazeta Wyborcza" газетаси Ўзбекистон сайёҳлик салоҳиятига бағишланган мақоласини эълон қилди.
У Самарқанд шаҳрини саҳродаги марварид сифатида таърифлади. Ушбу кент қадимдан Ипак йўлида жойлашган энг муҳим жой сифатида шуҳрат қозонганлиги, бу диёрни ҳаёти давомида кўриш ҳар бир саёҳатчиларнинг орзуси эканлигини таъкидлайди.
Материалда Бухоро шаҳри ҳақида ҳам батафсил маълумотлар келтирилган. Қайд этилишича, Бухоро – дунёнинг маркази деб аталган шаҳар, бу ерда юзлаб миллат вакиллари истиқомат қилади. Шунингдек, ушбу қадим маскан Марказий Осиёдаги энг муқаддас шаҳар, илм-фан, маданият марказидир. Эски Бухоро шаҳри бир неча асрлар олдинги кўринишини асл ҳолича сақлаб қолган.
Шунингдек, муаллиф Хивага қилган саёҳати ҳақидаги ҳикоясини ўқувчилар билан бўлишган. Хива Тошкентдан минг километр узоқликда жойлашган. Хиванинг жанубий қисми Туркманистон билан чегарадош ва Марказий Осиёнинг иккинчи йирик чўли – Қорақум билан чегарадош.
"Мен бутун Ўзбекистон бўйлаб саёҳат қилдим. Ғарбдаги Қорақалпоғистон Республикасидан то Шарқдаги Фарғона водийсигача бўлган масофани босиб ўтдим. Фарғона водийси тоғлар орасидаги ям-яшил воҳа",– деб ёзган у.