Ўзбекистонга оид ноёб дурдоналар аниқланди
Ўзбекистонга оид ноёб дурдоналар аниқланди

Ислом цивилизацияси маркази раҳбари бошчилигидаги делегация вакиллари машҳур Сарихани коллекцияси раҳбари Али Сарихани билан учрашув ўтказди.
Али Сарихани асли Эронда туғилган, ўтган асрнинг 70-йиллари охирида оиласи билан Лондонга кўчиб келган. Бу ерда тадбиркорлик фаолияти билан шуғулланиш баробарида ўзининг бой коллекциясига асос солган.
Сарихани коллекциясида айни пайтда Шарқ халқлари тарихига оид мингдан ортиқ ноёб экспонатлар сақланади. Улар орасида бевосита Ўзбекистон тарихи ва маданияти билан боғлиқ осори-атиқалар ҳам анчагина. Жумладан, салжуқийлар, сомонийлар, хоразмшоҳлар, темурийлар даврига оид ўнлаб қадимий экспонатлар, нодир қўлёзмалар сақланади.
Ўзбекистонга оид нодир Қуръон саҳифалари, 1438 йилда Ҳиротда, Шоҳрух Мирзо даврида яратилган “Меърожнома” асари миниатюраси, халқ амалий санъати буюмлари ўзбекистонлик тадқиқотчиларда катта қизиқиш уйғотди.
— Мен Ўзбекистонга бир неча йил муқаддам борганман, халқингизнинг бой маданияти, асрий анъаналари ва қадриятлари билан танишиб қайтганман. Турли мамлакатларда ўтказилган аукционларда Ўзбекистон билан боғлиқ қадимий ашёларни қандай бўлмасин қўлга киритишга ҳаракат қиламан. Чунки, мамлакатингиз маданияти ва тарихи мени ҳамиша ўзига мафтун этиб келади, — дейди коллекционер Али Сарихани.
Ўзбекистон делегацияси раҳбари Али Сариханини жорий йилда ўтказиладиган Ўзбекистондаги Ислом цивилизацияси марказининг очилиш маросимига таклиф қилди. Шу билан бирга Тошкентда коллекциядаги Ўзбекистонга алоқадор экспонатлар кўргазмасини ташкил қилиш масалалари ҳам муҳокама қилинди.