Ўзбекистонда тарихий ташаббус амалга оширилмоқда
Ўзбекистонда тарихий ташаббус амалга оширилмоқда

Ўзбекистондаги Ислом цивилизацияси марказида хаттотлик санъатини сақлаш, илмий асосда ривожлантириш ва ёш авлодга етказиш мақсадида Хаттотлик мактаби ташкил этилмоқда.
Мазкур ташаббусга бағишланган навбатдаги муҳокамалар ва йиғилишда Марказ раҳбарияти, таниқли хаттотлар, мутахассислар, лойиҳа координаторлари, ҳамкор ташкилотлар вакиллари иштирок этди.
Маданият, илм ва маънавият уйғунлиги
Йиғилишда таъкидланганидек, хаттотлик нафақат муқаддас Қуръон илмлари билан боғлиқ исломий анъаналарнинг ажралмас қисми, балки халқимизнинг эстетик диди ва бадиий дунёқарашини ифода этувчи миллий маданият ҳамдир. Замонавий глобаллашув шароитида бу санъат турини технологиялар билан уйғунлаштириб, ёшларга эстетик тарбия бериш муҳим вазифа сифатида кўрилмоқда.
Мактаб концепцияси ва инфратузилмаси
Хаттотлик мактабини ташкил этишдан мақсад – нафақат хаттотликни ўргатиш, балки ижодий муҳит яратиш. Шу боис, Ислом цивилизацияси маркази биносининг иккинчи қаватидаги бешта хона мактаб учун махсус жиҳозланиб, кўп функцияли маконга айлантирилади. Бу ерда ўқув дарслари, кўргазмалар, маҳорат дарслари ва халқаро тадбирлар ўтказилиши мумкин бўлади.
Хаттотлик мактабининг фаолияти қуйидаги йўналишларда ташкил этилади:
- Ўқув дастурлари — анъанавий устоз-шогирд тизимига асосланиб, босқичма-босқич маҳорат имтиҳонлари билан амалга оширилади.
- Устахоналар — замонавий техника, интерактив доскалар, тақдимот технологиялари билан жиҳозланади.
- Фанлар — хаттотлик билан бир қаторда тазҳиб, Қуръон нусхалари, мусъҳафлар реставрацияси каби машғулотлар қамраб олинади.
- Интерьер — мактаб дизайни шарқ архитектураси ва каллиграфик безаклар асосида ишлаб чиқилади.
Халқаро ҳамкорлик ва маслаҳат кенгаши
Йиғилишда мактабнинг халқаро нуфузини таъминлаш ва йирик ташкилотлар билан ҳамкорликни йўлга қўйиш юзасидан аниқ таклифлар билдирилди:
- ТУРКСОЙ халқаро ташкилоти, Бутунжаҳон ислом уюшмаси билан келишув асосида туркий дунё хаттотларини жалб этилишида ҳамкорлик қилади.
- Халқаро кўргазма ва мусобақалар ўтказилади.
- Халқаро хаттотлик Васийлик кенгаши тузилиб, унинг таркибига дунёдаги етакчи хаттотлар, санъатшунослар ва ҳомийлар киритилади.
Тарихий лойиҳа учун илк қадам
Давлат раҳбари ташаббуси билан амалга оширилаётган “Янги Ўзбекистон Қуръони” лойиҳаси доирасида:
- дунё хаттотлари ўртасида танлов ўтказилади. Танловда ғолиб бўлганлар орасида юқори натижага эга бўлган 114 нафар хаттот 114 та бир сурани қуръа асосида танлаб олиб, насх хатида кўчиради;
- саҳифалар ўзбек нақшлари билан безатилади;
- ҳар бир сура алоҳида кўргазма сифатида тақдим қилинади;
- Танлов доирасида “Миллий хаттотлик мукофоти” таъсис этилади.
Йиғилиш қатнашчиларининг қайд этишича, бу ҳаракатлар тарихий лойиҳа учун илк қадамдир.
Шайх Абдуллазиз Мансур, Ўзбекистондаги Ислом цивилизацияси маркази катта илмий ходими:
– Ўзбекистондаги Ислом цивилизацияси марказида Хаттотлик мактаби очилиши — Қуръон каломига бўлган ҳурматимизнинг амалий ифодасидир. Бу санъат — сабр, ихлос ва муқаддас сўзга хизматдир. 114 хаттот томонидан кўчириладиган 114 та сура айнан шу мактабда кўчирилиши — тафаккур, санъат ва эътиқод уйғунлигининг ёрқин намунаси бўлади.
Муҳокамада билдирилган таклиф ва келишувлар Хаттотлик мактабини нафақат маҳаллий, балки халқаро миқёсдаги илмий-ижодий марказ сифатида шакллантиришга қаратилганини кўрсатди. Бу ташаббус Ўзбекистонда хаттотлик санъатини қайта тиклаш, ёш истеъдодларни тарбиялаш ва миллий меросни ҳимоя қилишда муҳим аҳамият касб этади.
Бу каби лойиҳалар юртимизда Президент ташаббуси билан бунёд этилаётган Ўзбекистондаги Ислом цивилизацияси марказининг маданий-маърифий етакчилик мавқеини мустаҳкамлашга хизмат қилади.
Ислом цивилизацияси маркази Ахборот хизмати