Ўзбекистонда хотин-қизларни IT соҳасига жалб этиш бўйича муҳим ташаббус
Ўзбекистонда хотин-қизларни IT соҳасига жалб этиш бўйича муҳим ташаббус

Ўзбекистонда хотин-қизларни ахборот технологиялари соҳасига жалб этиш йўлида яна бир муҳим қадам ташланмоқда. "GAP Women IT Union" аёллар IT-клуби “Орзудаги касб сари яна бир қадам” мавзусида учрашув ўтказди.
Тадбир ёш қизларнинг касбий ривожланишини қўллаб-қувватлаш, замонавий кўникмаларни шакллантириш ва уларни халқаро компаниялар талабларига мослашишга йўналтирилган.
Тадбирда Рақамли технологиялар вазири маслаҳатчиси Камола Собирова ва бошқалар хотин-қизларнинг IT соҳасидаги ўрнини янада ошириш хусусида фикр-мулоҳазалар билдирди.
— Биз аёлларни ўз салоҳиятига ишонишга ундаш, ички кучини рўёбга чиқариш ва IT соҳасида барқарор карьера ҳар бир қиз учун очиқ эканини амалда кўрсатишимиз зарур. Бундай учрашувлар уларга етакчи мутахассислардан ўрганиш ва келажак режалари учун илҳом олиш имкониятини яратади, — деди Камола Собирова.
Дарвоқе, статистика ҳам бунга далил бўлади. Агар 2018 йилда олий таълим муассасаларида АКТ йўналишларида тахминан 3 минг 300 нафар қиз таҳсил олган бўлса, 2024 йилга келиб уларнинг сони 17 минг 700 нафардан ошган. Сўнгги икки йил ичида GAP лойиҳаси бутун республика бўйлаб мингдан ортиқ иштирокчини қамраб олди. Улардан кўпчилиги етакчи компанияларда иш бошлади ёки амалиёт ўташ имкониятига эга бўлди.
Ўзбекистон халқаро рейтингларда ҳам ўз мавқеини мустаҳкамлаб бормоқда. БМТнинг Электрон ҳукумат ривожланиш индексида мамлакат 87-ўриндан 63-ўринга кўтарилди. Global Startup Ecosystem Index рейтингида ҳам барқарор ўсиш қайд этилди.
Бундай ташаббуслар мамлакатда IT мутахассисларига бўлган талаб ортаётганини ва хотин-қизларнинг соҳага фаол жалб қилиниши стратегик аҳамият касб этаётганини кўрсатади. Шу боис "GAP Women IT Union" “Рақамли Ўзбекистон – 2030” стратегиясини амалга оширишда муҳим ўрин тутади.