«Ўзбекистон обидаларидаги битиклар»

«Ўзбекистон обидаларидаги битиклар»

 

dldlodl.jpg

 

Ўзбекистон маданий меросини ўрганиш, сақлаш ва оммалаштириш бўйича Бутунжаҳон жамияти томонидан «Ўзбекистон обидаларидаги битиклар» туркумидаги китоб-альбомлар нашр этилди. Ушбу жамият 450 нафардан ортиқ олимни бирлаштириб, ҳар йили давлат, жамоат ва халқаро ташкилотлар, ижтимоий масъулиятли тадбиркорлик субъектлари кўмагида «Ўзбекистон маданий мероси» ва «Ўзбекистон обидаларидаги битиклар» туркумидаги китоб-альбомларни нашр этмоқда.

Буюк аждодларимиз томонидан яратилган ўрта аср меъморчилигининг ажойиб намуналари сақланиб қолган. Маҳобатли биноларнинг қадимий деворларига эса нафис хаттотлик ёзувлари билан безаклар берилган. Буюк аждодларимиз уларда қандай ҳикматни мужассамлаштиргани кўпчиликни қизиқтиради

«Ўзбекистон обидаларидаги битиклар» туркум китоб-альбомларини нашр этиш бўйича лойиҳа 2010 йилда амалга оширила бошланди. Қайд этиш жоизки, ислом оламининг ҳеч бир давлатида тарихий обидаларидаги битикларни тўлиқ ўқиш ва олинган маълумотларни эълон қилиш бўйича бундай даражада кенг кўламдаги ишлар амалга оширилмаган. 

Узоқ ўтмишдаги аждодлар битикларини ўрганиш бўйича кўп йиллик тинимсиз меҳнат натижасида ўзбек, рус, араб ва инглиз тилида нашр этилган «Ўзбекистон обидаларидаги битиклар» туркумининг 20 жилди дунё юзини кўрди. Улар орасидан Қорақалпоғистон, Андижон, Бухоро, Қашқадарё, Навоий, Наманган, Сурхондарё, Фарғона, Хоразм, Тошкент вилояти ва Тошкент шаҳар меъморий ёдгорликларидаги битикларга бағишланган китоб-альбомлар ҳамда Самарқанд меъморий тарихий мажмуалари – Регистон ва Шоҳизиндага бағишланган альбомлар ўрин олган. 

 

«Бу заминни безаган ва осмон яқинлашган бинодир. Ва у кўкка бўй чўзган. Бошқарув ва ақл билан иш қилишда энг яхшиларнинг таянчи бўлган, ўзида бошқарув санъати ва билимни бирлаштирган киши [уни] қуришни буюрган», деган ёзув бор Самарқанддаги Мирзо Улуғбек мадрасасида. Таъкидлаганимдек, лойиҳанинг биринчи босқичидаги тадқиқотларда 1,5 мингдан ортиқ битиклар (улардан кўпчилиги биринчи марта) ўқиб чиқилди ва таржима қилинди. 200 дан ортиқ шеърлар, панд-насиҳатлар, ҳикматли сўзлар, 100 дан ортиқ уста ва хаттотларнинг исмлари, 300 диний ва 150 бағишлов ёзувлари, 150 хронограмма ва 100 та тарихий сана, 100 та ҳукмдорлар фармонлари ва бошқа ёзувлар шулар жумласидандир.