Ўзбекистон Миллий музейига асос солинди
Ўзбекистон Миллий музейига асос солинди

Президент Шавкат Мирзиёев 27 август куни Ўзбекистон Миллий музейи қурилишига тамал тоши қўйди.
Давлатимиз мустақиллиги миллий ўзлигимизни юзага чиқариб, эзгу саъй-ҳаракатларга асос бўлиб келмоқда. Ҳар йилгидек, бу галги истиқлол байрами ҳам яхши янгиликларга васила бўлмоқда. Шундай тарихий воқеалардан бири янги Миллий музейга асос солинишидир.
Музей Маданият ва санъатни ривожлантириш жамғармаси шафелигида Япониянинг “Tadao Ando Architect & Associates” архитектура бюроси ҳамда Германиянинг “Atelier Brückner” компанияси томонидан лойиҳалаштирилган. Унинг ташқи қиёфаси айлана, тўрт бурчак ва уч бурчак шаклида бўлиб, Шарқ ва Ғарб маданиятини ўзида уйғунлаштиради. Мажмуа 3 қаватли музей, 2 қаватли ертўла ҳамда ёрдамчи бинолардан иборат бўлади. Хитойнинг “CSCEC International Construction” компанияси томонидан қурилади.
Келажакда ушбу музей дунёга машҳур Лувр, Метрополитан ва Британия музейлари билан яқиндан ҳамкорлик ўрнатиб, ноёб экспонатлар олиб келинади ва кўргазмалар ташкил қилинади.
Давлатимиз раҳбари мажмуа пойдеворига капсула қўйиб, қурилишни бошлаб берди.