Ўзбекистон – миллатлараро дўстлик, тинчлик ва қардошлик замини
Ўзбекистон – миллатлараро дўстлик, тинчлик ва қардошлик замини

Диёримизда турли миллат, элат вакиллари тинч-осуда, аҳил-иноқ яшайди. Айниқса, ўзбек ва рус оилалари узоқ ўтмишдан юртимизда қўни-қўшни бўлиб, ҳамжиҳат умргузаронлик қилмоқда. Зеро, бу икки элнинг ўтмиши ва бугуни бир-бирга чамбарчас боғлиқ.
Ўзбекистонда 800 мингдан ортиқ рус истиқомат қилади. Республикамизда фаолият юритаётган Рус маданият марказлари биродар халқнинг тили, тарихи, анъана ва урф-одатини ўрганиш, асраш, ўсиб келаётган ёш авлодга етказиш бўйича улкан ишларни амалга оширмоқда.
Бу йил Ўзбекистон рус маданий маркази ташкил топганига 30 йил тўлди. Ушбу санани муносиб нишонлаш мақсадида диёримизда қатор маданий-маърифий, байрам тадбирлари ташкил этилган.
Юбилей дастурига мувофиқ, бугун пойтахтимиздаги Халқлар дўстлиги майдонида Иккинчи жаҳон уруши йиллари турли миллат вакиллари – 15 нафар етим болага бошпана берган Шомаҳмудовлар оиласи хотирасига ўрнатилган монумент пойига гул қўйилди. Халқимизга хос дўстлик, олижаноблик ва бағрикенглик тимсоли бўлган оила шаънига ҳурмат бажо келтирилди.








Тадбирда Ўзбекистон Республикаси Маданият вазирлиги ҳузуридаги Миллатлараро муносабатлар ва хорижий мамлакатлар билан дўстлик алоқалари қўмитаси мутасаддилари, миллий маданий марказлар ва дўстлик жамиятлари вакиллари, шаҳар аҳли, ёшлар, РФ делегацияси аъзолари иштирок этди.
– Анъанавий байрам бу йил бошқача ўтяпти, чунки 30 йиллик юбилейни нишонлаяпмиз, – дейди Хоразм рус маданият маркази раҳбари Татьяна Степанкова. – Катта шодиёна муносабати билан тузилган ажойиб дастур ҳаммамизга маъқул келди. Конференцияда иштирок этдик, кўргазма ва концерт томоша қилдик. Энг асосийси – бир-биримиз билан дийдорлашдик. Вилоятимизда 6 мингга яқин рус яшайди. Марказимизда рақс тўгараги фаолият кўрсатади. Воҳада уюштириладиган ҳамма байрамда ўз дастурларимиз билан мунтазам қатнашамиз. Бундан ташқари рус миллий байрамларини кенг нишонлаймиз. Шундай тадбирлар орқали ёшлар маданиятимиз, анъаналаримиз ҳақида янада кўпроқ маълумот олади. Қисқаси, Ўзбекистонда яшаётган барча миллат вакиллари бир оила, ягона Ватанда истиқомат қилаётган биродарлардир.
Иштирокчилар пойтахтимиздаги “Ғалаба боғи” мажмуасидаги “Матонат мадҳияси” ёдгорлиги пойига ҳам гул қўйишди. “Шон-шараф” музейига саёҳат уюштирилди.
Анжуман доирасида Ўзбекистон касаба уюшмалари саройи айвонида “Ўзбекистон миллатлараро дўстлик, тинчлик ва қардошлик замини” номли фото, бадиий санъат ва ҳунармандлик буюмлари, китоб ва миллий либослар намойиш этилди. Турли миллат вакиллари ижод намуналари тақдим этилган кўргазмага келганлар бой, бетакрор маданият, урф-одат ва анъаналар билан танишиш имконига эга бўлдилар.
Юбилей дастури Ўзбекистон рус маданий маркази ташкил этилганининг 30 йиллигига бағишланган “Ягона оилада” гала-концерти билан якунланди.