ЎЗБЕКИСТОН ИСЛОМ ЦИВИЛИЗАЦИЯСИ МАРКАЗИ ХАЛҚАРО ҲАМКОРЛИКНИ КЕНГАЙТИРМОҚДА
ЎЗБЕКИСТОН ИСЛОМ ЦИВИЛИЗАЦИЯСИ МАРКАЗИ ХАЛҚАРО ҲАМКОРЛИКНИ КЕНГАЙТИРМОҚДА
Ўзбекистон Республикаси Ташқи ишлар вазирлиги, Ўзбекистондаги Ислом цивилизацияси маркази ва Ўзбекистон маданий меросини ўрганиш, сақлаш ва оммалаштириш бўйича Бутунжаҳон жамияти (WOSCU) ҳамкорлигида “Ўзбекистон маданий мероси — бутун инсоният бойлиги. Янги Ўзбекистоннинг халқаро лойиҳалари тақдимоти” мавзусида анжуман ўтказилди. Ўзбекистондаги Ислом цивилизацияси марказининг экспозициясини бойитиш, бу борада халқаро ҳамкорликни кенгайтириш ва янги ҳамкорларни жалб қилиш мақсадида ташкил этилган ушбу анжуманда юртимиздаги ҳамда хориждаги элчихоналар, дипломатик корпус ва халқаро ташкилотлар вакиллари иштирок этди.
Анжуман аввалида иштирокчилар Президент Шавкат Мирзиёев ташаббуси билан бунёд этилаётган Ўзбекистондаги Ислом цивилизацияси маркази биноси ва ундаги лойиҳалар билан танишишди. Сўнг қатнашчиларга Марказ қурилиши жараёнлари ва унинг фаолиятига бағишланган ҳужжатли фильм намойиш этилди.
Тадбир очилишида Ўзбекистон Республикаси Ташқи ишлар вазирининг биринчи ўринбосари Баҳромжон Аълоев ислом меросини сақлаш ва оммалаштириш соҳасидаги халқаро ҳамкорликнинг муҳимлигини таъкидлади.
Ислом цивилизацияси маркази раҳбари Фирдавс Абдухолиқов экспозицияни шакллантириш ва халқаро ҳамкорликни кенгайтириш жараёни ҳақида маълумот бериб, Марказ экспозицияларида намойиш этилиши режалаштирилган 800 дан ортиқ лойиҳанинг 430 таси хорижий ҳамкорлар билан биргаликда амалга оширилаётганини алоҳида қайд этди.
Муҳтарам Президентимиз Шавкат Мирзиёевнинг топшириғларига мувофиқ, Марказнинг иккинчи қаватида халқаро ташкилотлар офислари жойлаштирилади, бу эса Ўзбекистон ва жаҳон ҳамжамияти ўртасидаги илмий ва маданий алоқаларни мустаҳкамлаш учун ноёб майдон яратади. Бундан ташқари, Марказнинг очилиши муносабати билан халқаро кўргазмалар ташкил этиш бўйича фаол ишлар олиб борилмоқда. Бугунги кунга қадар турли мамлакатлардан 15 та музей, хусусий коллекционерлар ва кутубхоналар ўз иштирокини тасдиқлаб, Ўзбекистон маданий меросига бағишланган ноёб экспозицияларни Тошкентга олиб келишга розилик билдирдилар. Биз барчангизни ушбу муҳим лойиҳада фаол ҳамкорлик қилишга ва биргаликда иштирок этишга таклиф этамиз, - деди Марказ директори Фирдавс Абдухолиқов.
Маълумки, Президентимиз Шавкат Мирзиёев бундан 8 йил аввал Ўзбекистондаги Ислом цивилизацияси марказини барпо этиш ғоясини БМТ Бош Ассамблеясининг 72-сессиясида маълум қилган ва жаҳон ҳамжамиятини маърифат йўли билан жаҳолатга қарши курашишга даъват этган эди.
Биз бутун жаҳон жамоатчилигига ислом динининг асл инсонпарварлик моҳиятини етказишни энг муҳим вазифа, деб ҳисоблаймиз. Биз муқаддас динимизни азалий қадриятларимиз мужассамининг ифодаси сифатида беҳад қадрлаймиз. Биз муқаддас динимизни зўравонлик ва қон тўкиш билан бир қаторга қўядиганларни қатъий қоралаймиз ва улар билан ҳеч қачон муроса қила олмаймиз.
Ана шу даъватнинг амалий ифодаси сифатида 2018 йилда дунёда ўхшаши йўқ мегалойиҳа – Ўзбекистондаги Ислом цивилизацияси марказини барпо этиш учун тамал тоши қўйилган.
Ташкил этилган анжуманда жорий йил 29 январда Давлат раҳбарининг Ўзбекистондаги Ислом цивилизацияси марказига навбатдаги ташрифи давомида берилган топшириқлар ижросини таъминлаш доирасида келгусидаги режалар ва мақсадлар ҳақида иштирокчиларга батафсил маълумот берилди.
Анжумандан сўнг, юртимиздаги ҳамда хориждаги элчихоналар, дипломатик корпус ва халқаро ташкилотлар вакиллари Ўзбекистондаги Ислом цивилизацияси маркази ҳақидаги таассуротлари билан бўлишди.
Италиянинг Ўзбекистондаги янги тайинланган элчиси Пьергабриеле Пападиа де Боттини ўзбек халқи ушбу марказ билан фахрланишини ҳақида гапираркан, жумладан шундай деди:
-
Ислом цивилизацияси маркази менда жуда катта таассурот қолдирди. Бу ҳақиқатан ҳам улкан лойиҳа. Менимча, бутун ўзбек халқи ушбу марказ билан фахрланиши лозим. Мен ҳам ушбу лойиҳада ҳамкорлик қилаётганимиздан фахрланаман. Шунингдек, жаҳон цивилизациясига улкан ҳисса қўшган бу буюк мамлакат тарихи мени доим ҳайратда қолдиради. Биз шарқ олимларидан бири бўлган Ибн Синони яхши биламиз ва шу каби олимлар юрти билан ҳамкорлик қилаётганимиздан фахрланамиз. Италиянинг энг қадимги Болонья университети кутубхонаси ўзбек олимлари учун бир миллиондан ортиқ китобдан фойдаланиш имкониятини тақдим этади.
Малайзиянинг Ўзбекистондаги элчиси Илҳам Туаҳ бин Иллиас Малайзия ва Ўзбекистон кўплаб соҳаларда ҳамкорлик қилиши жуда муҳимлиги қайд этди:
-
Малайзия ва Ўзбекистон кўплаб соҳаларда ҳамкорлик қилиши жуда муҳим. Айниқса, 4-5 феврал кунлари Президент Шавкат Мирзиёев Куала-Лумпурга ташриф буюрганидан кейин бу йўналишда янги имкониятлар очилди. Давлатингиз раҳбари ислом ҳақида дунё тасаввурини қайта шакллантириш бўйича узоқни кўра оладиган қарашларга эга. Айниқса, дунёнинг айрим қисмларида ислом нотўғри талқин қилинаётганини ҳисобга олсак, бу жуда муҳим ташаббусдир.
Биз исломнинг илм-фан, маданият ва тараққиётга қўшган ҳиссасини намойиш этишимиз лозим. Ахир Ўзбекистон тиббиёт, астрономия, математика ва илм-фаннинг бошқа соҳалари бешиги ҳам бўлиб келган.
Бу жуда илҳомлантирувчи ҳолат. Малайзия бу йил ушбу Марказда Ўзбекистон маданий меросига оид нодир ва ноёб дурдоналарни намойиш этишни режалаштирмоқда.
Озарбайжоннинг Ўзбекистондаги элчиси Гусейн Гулиев лойиҳанинг ғояси буюклиги ҳақида гапирди:
-
Бу ерда кўрганларим тасаввур қилганимдан ҳам ортиқ экан. Аввало, бинонинг ўзи ниҳоятда улуғвор ва маҳобатли. Бу эса бунёд этилаётган лойиҳанинг ғояси буюклигидан далолат беради.
Амир Темур давридан бошлаб унинг саройида бизнинг илоҳиётшуносларимиз, олимларимиз, адибларимиз, файласуфларимиз фаолият юритган. Шу боис, Озарбайжоннинг Ўзбекистон билан алоқасини алоҳида таъкидламасликнинг иложи йўқ.
Швейцариянинг Ўзбекистондаги элчиси Константин Оболенский архитектураси ва маҳобатидан ҳайратланганини айтди:
-
Ислом цивилизацияси марказига ташриф буюриш мен учун жуда улкан тажриба бўлди. Менга бинонинг архитектураси жуда ёқди. Бу ҳақиқатан ҳам гўзал иморат экан. Тўғри, ҳали қурилиш ишлари тугалланмаган, аммо менинг кўрганларим бинонинг маҳобатидан дарак бериб турибди. Энг моҳир усталар меҳнат қилишаётганлиги яққол сезилиб турибди.