Ўзбекистон ёшлари катта марралар сари ишонч билан интилмоқда
Ўзбекистон ёшлари катта марралар сари ишонч билан интилмоқда

Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев 30 июнь куни пойтахтимиздаги Олимпия шаҳарчасида Ёшлар куни муносабати билан ўтказилган тантанали маросимда иштирок этди.
Кейинги йилларда мамлакатимизда ёшларни замонавий касб-ҳунарга ўргатиш, иш билан таъминлаш ва тадбиркорлигини қўллаб-қувватлашга алоҳида эътибор қаратилмоқда. Бу бир қарашда давлатнинг оддий ижтимоий вазифасидек кўринади. Аслида эса ушбу жараён юртнинг тинчлиги, иқтисодий барқарорлиги ва буюк келажагини кафолатлайдиган асосий шарт саналади.
Бугун ёшларнинг куч-ғайрати, билимга бўлган интилиши тўғри йўналтирилса, эртага ҳаммаси аъло даражада бўлади. Зеро, энди замонавий дунёда мамлакатлар ҳудудининг катталиги ёки табиий бойликлари билан эмас, балки технологиялари ва билимли ёшлари билан мусобақалашмоқда.
Ўзбекистон ёшлари катта марралар сари ишонч билан интилмоқда. Чунки улар ҳаётда ҳеч қачон ёлғиз эмасликларини, ортида ҳамиша суяниши мумкин бўлган қудратли давлати борлигини яхши билади.
Давлатимиз раҳбари дастлаб Олимпия шаҳарчасида ташкил этилган махсус кўргазмада мамлакатимизнинг фаол ва изланувчан ёшлари билан учрашди.
Президентимиз уларнинг маҳалла ҳаёти, экология, стартаплар, муҳандислик ва китобхонлик маданиятини юксалтириш каби соҳалардаги лойиҳалари билан танишди, лойиҳа ташаббускорлари билан шахсан мулоқот қилди.
Шавкат Мирзиёев ёшлар билан бўлиб ўтган самимий мулоқотда улар томонидан илгари сурилган истиқболли лойиҳа ва ташаббусларни қўллаб-қувватлади. Шундан сўнг, Президент Шавкат Мирзиёев ёшлар билан учрашув ўтказди. Давлатимиз раҳбари юртимиз ёшларининг ҳар бирида катта салоҳият, истеъдод ва иқтидор борлигини қайд этди. Шундан сўнг Президентимиз ёшларга давлат мукофотларини топширди.
Мукофотланган ёшлар давлатимиз томонидан яратилаётган имкониятлар учун миннатдорлик билдириб, бундан буён ҳам ўз билими, меҳнати ва ташаббуслари билан Ватанимиз равнақига муносиб ҳисса қўшишга тайёр эканини таъкидлади.
Шу куни Олимпия шаҳарчасида Ёшлар куни муносабати билан концерт дастури ташкил этилди.