Ўзбек миллий мусиқа санъати дарғаси
Ўзбек миллий мусиқа санъати дарғаси

Ўзбекистон халқ артисти, бастакор, хонанда ва созанда, академик Юнус Ражабий серқирра ижодий фаолияти билан ўзбек миллий мусиқаси тарихида ўчмас из қолдирган. У ўзбек санъатида ҳали ноталар ёзуви мавжуд бўлмаган бир даврда халқ қўшиқлари ва наволарини нотага киритиш ва басталаш орқали уларни абадий йўқолиб кетишидан сақлаб қолди. Миллий мусиқий маданиятимиз ва мақом санъати ривожига улкан ҳисса қўшди. Асосийси, халқ муҳаббатини қозониб, қалблардан мангу жой олди.
Пойтахтимизнинг Яккасарой туманида жойлашган Юнус Ражабий уй-музейи 1997 йилда бастакорнинг ўғли Ҳасан Ражабий томонидан ташкил этилган. Ҳозирда ушбу кўчага ҳофиз номи берилган. Юнус Ражабий 1956 йилдан, то 1976 йилга қадар, яъни, умрининг охирги 20 йилини айнан шу манзилда ўтказган.
Музейда 7 та – “Мемориал хона”, “Ёшлик йиллари хонаси”, Санъат хонаси“, “Шашмақом хона”, “Абадият хона”, “Фотокўргазмалар хонаси”, “Маърузалар хонаси” мавжуд. Ушбу хоналарда санъаткор ва унинг оила аъзолари ишлатган турли буюм ва ашёлардан иборат 6 минг 600 дан зиёд экспонат, бастакор қаламига оид 3 мингга яқин қўлёзма, қарийб 1000 та китоб, 60 га яқин мусиқа асбоби, фотосуратлар жой олган. Уларнинг ҳар бири ўз тарихи ва қадимий қийматига эга.
Миллий мусиқа маданиятимиз ўчоғи сифатида хизмат қилаётган ушбу уй-музейга ташриф мусиқа санъатимиз тарихи ва етук намоёндаси билан яқиндан тинишиш, мумтоз мақом сеҳрини қалбан ҳис қилиш имконини беради.