Ўз уйи – ўлан тўшагини юксак қадрияти

Ўз уйи – ўлан тўшагини юксак қадрияти

 

risunok2jpgenken5675678567gpsgnsngs879789rospraen.jpg

Миллатимизга хос шундай фазилат бор: ёшликда ҳам, кексаликда ҳам узоқ сафардан қайтгач, уйининг қадрини янада чуқур ҳис этади. Чунки, борига шукр, йўғига қаноат билан яшаса-да, уйида эмин-эркин бўлади. Фарзанду яқинлари билан тўкин дастурхон атрофида дардлашади. Кўнгли тинч, хотиржам яшайди, ҳордиқ чиқаради. Халқимизнинг “ўз уйинг — ўлан тўшагинг”, деган нақлида ҳам ана шундай маъно мужассам. Зеро, халқимиз учун ҳеч бир маскан кошона бўлмаса-да, ўзининг шинам уйи, аҳил, иноқ оиласи, осуда, обод Ватанидан улуғ бўла олмайди.

Ўзбекистон Республикасининг 2024 йил 5 августдаги “Ўзбошимчалик билан эгаллаб олинган ер участкаларига ҳамда уларда қурилган бино ва иншоотларга бўлган ҳуқуқларни эътироф этиш тўғрисида”ги қонуни айнан шу муаммоларни тегишли тартибда ҳал этиб, ўзбошимчалик билан эгалланган ер майдонидаги бино ва иншоотлари ҳуқуқларини тиклаётгани, ўтган даврда шаклланган мулкий манфаатларини ҳимоя қилаётгани қалбларга қувонч, юзларга табассум, кўнгилларга шукроналик улашмоқда. Қонун ўз уйи – ўлан тўшагини юксак қадрият, деб биладиган халқимизнинг кўп йиллик орзу-умидларини рўёбга чиқариб, уларнинг хотиржам, осуда, фаровон турмуш кечиришига хизмат қилаётгани, инсон қадрини улуғлаётгани билан аҳамиятли бўлмоқда.

Уй шунчаки, инсон умрини ўтказадиган бино эмас. У оила қўним топган осуда маскан. Фарзандлар камолга етадиган, орзу-умидлар чечак отиб, рўёбга чиқадиган гўша. Бундай муқаддас даргоҳга бўлган ҳуқуқнинг қонуний эътироф этилиши ва давлат рўйхатидан ўтказилиши нафақат бугун, балки келгуси авлодлар манфаати учун ҳам муҳим қадамдир. Акция доирасида одамларнинг мулкий ҳуқуқлари таъминланиб, ижтимоий адолат қарор топаётгани, хонадонларда ҳуқуқий кўнгил тўқликни мустаҳкамлаётгани мамлакатимизда инсон қадри юксак даражада улуғланаётганининг ёрқин ифодасидир.