“Ўткан кунлар” романи илк марта араб тилида
“Ўткан кунлар” романи илк марта араб тилида

Ўзбекистоннинг Мисрдаги элчихонасида буюк ўзбек адиби Абдулла Қодирийнинг "Ўткан кунлар" романининг илк араб тилидаги "Ўткан кунлар: Туркистондаги аччиқ севги қиссаси" деб номланган нашрининг тақдимоти бўлиб ўтди.
Машҳур асар таниқли таржимон Айн-Шамс ва Луксор университетлари профессори Муҳаммад ал-Жибали томонидан араб тилига ўгирилган. Китоб тақдимоти Абдулла Қодирийнинг 130 йиллигини нишонлаш доирасида ёзувчи набираси Хондамир Қодирий, Ўзбекистон ёзувчилари уюшмаси аъзолари, мамлакат ОАВ вакиллари, ёзувчи ва нуфузли журналистлар иштирокида ўтказилди.
Тадбирни Ўзбекистон элчиси Мансурбек Қиличев очиб берди. Элчи ўз нутқида ўзбек адабиётининг буюк намояндалари, уларнинг бетакрор асарлари ҳақида сўз юритар экан, Абдулла Қодирий 20 аср ўзбек адабиётида ёрқин из қолдирганини таъкидлади.
"Ўткан кунлар" романининг араб тилига таржима қилиниши ўзбек маданияти, минтақа тарихи, ўзбекона одоб-ахлоқ каби фазилатларни Яқин Шарқ халқлари орасида кенг тарғиб этишда хизмат қилишига ишонч билдирилди.