Ўрта Осиё қўлёзмалари
Ўрта Осиё қўлёзмалари
Имом Бухорий халқаро илмий-тадқиқот марказида Ўзбекистон Фанлар академияси Абу Райҳон Беруний номидаги Шарқшунослик институти, Самарқанд Давлат университети ва Австрия Фанлар академияси ҳузуридаги Эроншунослик институти ҳамкорлигида “Мўғуллар ва темурийлар даврига оид Ўрта Осиё қўлёзмалари (XIII-XV асрлар)” мавзусида халқаро конференция ўтказди.
Анжуманда мамлакатимиз олимлари, Австрия, шунингдек, АҚШ, Россия, Франция, Германия, Туркия, Эрон ва Тожикистондан келган мутахассислар, қўлёзмалар соҳасининг етук тадқиқотчилари иштирок этди.
Тадбирда минтақамизда кўчирилган қўлёзмаларнинг айрим қадимий нусхалари, алломаларнинг ўзаро ёзишмалари, манбалар сақланаётган кутубхона ва коллекциялар, соҳага оид янги топилмалар борасида мутафаккирларнинг алоҳида олинган асарлари юзасидан баҳс-мунозаралар юритилди. Айниқса XIV-XV асрларда Марказий Осиё фиқҳий қўлёзмаларида матн композициясининг алоҳида жиҳатлари, темурийлар даври қўлёзмаларида моддият, тасвирий маданият ва қоғоз безаклари уйғунлигига алоҳида эътибор қаратилди.
Конференцияда Марказий Осиё ҳудудида юзага келган қўлёзма манбаларни ҳар жиҳатдан ўрганиш орқали илмий янгиликлар яратиш истиқболлари, бу соҳага мамлакатимиз ҳукумати томонидан қаратилаётган эътибор алоҳида тилга олинди, муҳокама қилинган мавзулар юзасидан илмий хулосалар шакллантирилди.