“Туркий дунё аёл ҳунармандлари” халқаро кўргазмаси

“Туркий дунё аёл ҳунармандлари” халқаро кўргазмаси

20250425114125.jpeg

Пойтахтимиздаги Ўзбекистон тасвирий санъат галереясида Халқаро Турк маданияти ташкилоти (ТУРКСОЙ) ва Ўзбекистон Бадиий академияси ҳамкорлигида “Туркий дунё аёл ҳунармандлари” халқаро кўргазмаси ўтказилмоқда.  

Мазкур кўргазма ғояси 2023 йил апрель ойида Тошкентда бўлиб ўтган ТУРКСОЙга аъзо давлатлар рассомлари кўргазмаси давомида, истиқболли режалар ва лойиҳалар муҳокамаси чоғида туғилган. Лойиҳа сайёр кўргазма шаклида ташкил қилинган бўлиб, унинг илк намойиши 2024 йил Бишкекда Г.Айтиев номидаги Миллий санъат музейида муваффақиятли ўтказилган.

Асрлар давомида туркий халқларда аёллар фақатгина оила устуни бўлибгина қолмай, тарих ва маданият ривожида ҳам муҳим ўринни эгаллаган. Уларнинг истеъдоди эса анъанавий ҳунармандчиликда ўз ифодасини топган. Гилам тўқиш, каштачилик ва намат босиш каби санъат турлари шулар жумласидандир. Ушбу асарлар турли мамлакат музейларидан жой олган бўлиб, гўзаллик, уйғунлик ва маънавий бойликни ўзида мужассам этган.