Туркия билан ҳамкорликда Ўзбекистоннинг буюк алломалари ҳақида энциклопедия чоп этилади
Туркия билан ҳамкорликда Ўзбекистоннинг буюк алломалари ҳақида энциклопедия чоп этилади

Ўзбекистондаги Ислом цивилизацияси маркази директори Фирдавс Абдухолиқов бошчилигидаги делегация аъзолари иштирокида Туркияда бир қатор тадбирлар, давра суҳбатлари, тақдимот ва кўргазмалар ўтказилди.
Истанбул шаҳридаги Аё София мажмуаси, Кўк масжид, Тўпқопи саройи, қадимги Эфес шаҳри ва Галикарнас мақбараси каби машҳур тарихий ёдгорликларнинг кичик моделларини ўз ичига олган очиқ осмон остидаги миниатюралар музейи – Miniatürk сингари диққатга сазовор жойларда қатор учрашувлар ўтказилди. Марказ мутахассислари ушбу тарихий обидалар ва музейлар, кутубхона ва бошқа маърифий муассасалар тажрибасини ўрганди.
Туркия тарихидаги муҳим масканлардан бири – Долмабахче саройида Ўзбекистондаги Ислом цивилизацияси маркази директори Фирдавс Абдухолиқов ва Туркия Республикаси Президенти ҳузуридаги Миллий саройлар бошқармаси раиси Ясин Йилдиз ўртасидаги учрашувда муштарак миллий меросимизни ўрганишда илмий куч ва имкониятларни бирлаштириш юзасидан фикр алмашилди.
Учрашувларда Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёев томонидан дунё миқёсида ислом динининг маърифатпарварлик тамойилларини кенг тарғиб қилиш, маданий меросни асраб-авайлаш бўйича амалга оширилаётган ишлар алоҳида эътиборга моликлиги таъкидланди. Икки мамлакат раҳбарлари ўртасидаги музокараларда ҳам бу борада ҳамкорлик алоқаларини ривожлантиришга катта эътибор қаратиляпти.
Шунингдек, Ислом тарихи, санъати ва маданияти тадқиқотлари марказида “Янги Ўзбекистон: замон, макон ва маданий мерос” мавзусидаги фотокўргазма ташкил қилинди. Фотокўргазма доирасида “Ўзбекистон-Туркия: туташ илдизлар ва умумий мерос” медиа-ивент дастури ва “Ўзбекистоннинг буюк алломалари энциклопедияси” лойиҳаси тақдимотлари ўтказилди.
Ушбу тадбир якунида Ўзбекистондаги Ислом цивилизацияси маркази, Ислом тадқиқотлар маркази ва ИРСИКА ўртасида “Ўзбекистоннинг буюк алломалари” энциклопедиясини яратиш бўйича келишувга эришилди.