Тошкентда Озарбайжон миллий мусиқаси куни
Тошкентда Озарбайжон миллий мусиқаси куни

Озар куй-қўшиқлари қадимийлиги, жўшқин ва бетакрорлиги, ўзига хос жозибаси билан дунё халқлари меҳрини қозонган. 18 сентябрь – Озарбайжон миллий мусиқаси куни сифатида халқаро миқёсда нишонланиши анъанага айланган.
Шу муносабат билан пойтахтимиздаги Ҳайдар Алиев номли маданият марказида тадбир ташкил этилди. Дастлаб мажмуага йиғилган санъат мухлислари, кенг жамоатчилик, ижодкор зиёлилар, ёшлар миллий чолғу асбоблари билан таништирувчи “Бизнинг миллий мусиқа” номли кўргазмани томоша қилишди.
Эътироф этилганидек, Ўзбекистон ва Озарбайжон маданий-маърифий алоқалари кўлами тобора кенгайиб, янгича мазмун билан бойимоқда. Президент Илҳом Алиев 22-23 август кунлари давлат ташрифи билан мамлакатимизда бўлгани ҳамкорлигимиз тарихида янги саҳифа очди. Икки мамлакат раҳбарлари фармони асосида икки давлат етук санъаткорлари юксак мукофотлар билан тақдирланди.
Тадбирда қардош халқнинг жўшқин мусиқаси намуналари – куй-қўшиқ ва рақслар ижро этилди.