Тошкентда ФИФАнинг Марказий Осиё мамлакатлари учун минтақавий офиси очилади
Тошкентда ФИФАнинг Марказий Осиё мамлакатлари учун минтақавий офиси очилади

Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев Халқаро футбол ассоциациялари федерацияси (ФИФА) раҳбари Жанни Инфантинони қабул қилди.
ФИФА президенти Ўзбекистон етакчиси ва халқини тарихий воқеа – миллий терма жамоамиз 2026 йилда АҚШда бўлиб ўтадиган футбол бўйича жаҳон чемпионатининг финал босқичига йўлланмани қўлга киритгани билан яна бир бор самимий табриклади. Ушбу ҳақли ютуқ мамлакатимизда олиб борилаётган самарали ислоҳотлар, спортни ривожлантиришга қаратилаётган эътибор ва ҳар томонлама кўмакнинг амалий натижаси экани таъкидланди.
Ўзбекистоннинг ушбу нуфузли халқаро тузилма билан, энг аввало, футболни ташкил этиш ва бошқариш тизимини такомиллаштириш, ёш истеъдодларни юзага чиқаришга кўмаклашиш, мураббийлар, ҳакамлар, менежерлар, спорт шифокорлари ва техник мутахассисларни халқаро даражада тайёрлаш борасидаги сермаҳсул ҳамкорлигини янада кенгайтириш масалалари муҳокама қилинди.
Томонлар футболни ёшлар ўртасида оммалаштириш бўйича қўшма дастурларни амалга оширишда яқиндан ҳамкорлик қилинаётганини қайд этди.
ФИФАнинг техник кўмагида замонавий Миллий футбол маркази, шу жумладан, инновацион ечимларни жорий этган ҳолда рақамли футбол бўйича ситуацион марказ ташкил этилди. Ўтган йили мамлакатда футзал бўйича жаҳон чемпионати муваффақиятли ўтказилди.
Суҳбатда Ўзбекистонда ФИФАнинг йирик мусобақалари ва тадбирларини ташкил этишга алоҳида эътибор қаратилди. Тошкент шаҳрида ташкилотнинг Марказий Осиё мамлакатлари учун минтақавий офисини очиш юзасидан келишувга эришилди.
Учрашув якунида Ўзбекистон президенти ўзбек футболини ривожлантириш ва халқаро майдонда илгари суришга қўшган шахсий ҳиссаси учун ФИФА раҳбари Жанни Инфантинога «Дўстлик» орденини топширди.