Тинчлик – барча динларнинг муҳим тамойили
Тинчлик – барча динларнинг муҳим тамойили
Тошкентда “Тинчлик – дунё динларининг муҳим тамойили” мавзусида илмий-амалий конференция бщлиб ўтди.
Тадбир турли динларга хос, тинчлик ва ижтимоий барқарорликни таъминлашга қаратилган асосий тамойилларни таҳлил қилиш, дин ва маданиятлар ўртасида мулоқотни ривожлантиришга қаратилган таклифлар ишлаб чиқиш, Ўзбекистонда олиб борилаётган одилона диний бағрикенглик сиёсати, бу борадаги халқаро ташаббусларимиз моҳиятини хорижий ва маҳаллий жамоатчиликка чуқурроқ етказиш мақсадида ташкил этилди.
Ўзбекистонда Шанхай ҳамкорлик ташкилоти Халқ дипломатияси маркази, Германиянинг Конрад Aденауэр жамғармаси ваколатхонаси ва Халқаро ислом академияси ҳамкорлигида ташкил этилган анжуманда олимлар, соҳа мутахассислари, халқаро ташкилотлар, диний конфессиялар, миллий маданий марказлар вакиллари ва ёшлар иштирок этди.
Анжуман иштирокчилари – турли маданият, дин, анъана ва дунёқараш вакилларининг глобал тинчлик, ўзаро тушуниш ва ҳамкорликни мустаҳкамлашга чақирувини акс эттирган Тинчлик ва ҳамжиҳатлик декларацияси қабул қилинди. Дастур матнида ўзаро ҳурмат ва маданий хилма-хиллик ғояларини илгари суриш механизми сифатида диний мулоқотни мустаҳкамлаш зарурати алоҳида таъкидланган.
Конференция жаҳон динлари замирида мужассам универсал тинчлик, ҳамжиҳатлик қадриятларини илгари суришда мулоқот ва ҳамкорлик нақадар муҳимлигини яна бир бор кўрсатди. Соҳада фаолият юритаётган ташкилотлар, мутахассислар ўртасидаги шерикликнинг истиқболли йўналишларини белгилаб олиш, ўзаро тажриба алмашиш учун самарали майдон бўлиб хизмат қилди.