Тинчлик, бағрикенглик ва маърифат ғоялари илгари сурилди
Тинчлик, бағрикенглик ва маърифат ғоялари илгари сурилди

Самарқандда юртимизда илк бор ташкил этилган “I Халқаро ислом цивилизацияси форуми: тинчлик, бағрикенглик ва илм-маърифат йўли” халқаро форумининг якуний ялпи мажлиси ўтказилди.
Ўзбекистондаги Ислом цивилизацияси маркази директори Фирдавс Абдухаликов 7-11 июль кунлари Тошкент, Самарқанд ва Термиз шаҳарларида ўтказилган форум нафақат Ўзбекистон, балки бутун ислом олами илмий-маърифий ҳаётида муҳим воқеа бўлганини таъкидлади.
Ўзбекистондаги Ислом цивилизацияси маркази, Ўзбекистон Республикаси Дин ишлари бўйича қўмитаси, Имом Мотурудий, Имом Бухорий, Имом Термизий халқаро илмий-тадқиқот марказлари, Ўзбекистон мусулмонлари идораси, Ўзбекистон халқаро исломшунослик академияси ҳамда Ислом олами таълим, фан ва маданият масалалари бўйича ташкилоти – ICESCO ҳамкорлигида ташкил этилган тадбирларда 50 га яқин мамлакатдан 300 га яқин хорижий меҳмонлар иштирок этди.
I Халқаро ислом цивилизацияси форуми давомида 4 та халқаро конференция, 10 та ялпи мажлис, 15 та пленар йиғилиш ҳамда 10 га яқин соҳавий шуъба мажлислари ўтказилди. Бу тадбирларда ислом цивилизацияси тарихи, ҳадис илми, калом, қўлёзмашунослик, музейшунослик, археология, маданий меросни муҳофаза қилиш, рақамлаштириш, маданий дипломатия ҳамда Янги Ўзбекистонда амалга оширилаётган маънавий-маърифий ислоҳотлар муҳокама қилинади.
Форум доирасида ICESCO билан ҳамкорликда тайёрланган “Ал-Жомиъ ас-Саҳиҳ” – “Уммат китоби” мавзусидаги халқаро конференция ҳамда тезислар тўплами, IRCICA билан ҳамкорликда нашр этилган “Шавкат Мирзиёев – маърифатпарвар йўлбошчи” китоб-альбоми, Россия мусулмонлари диний идораси билан ҳамкорликда чоп этилган Имом Термизийнинг “Шамоили Муҳаммадия” асарининг рус тилидаги академик нашри ва бошқа фундаментал лойиҳалар тақдимотлари ўтказилди. Мамлакатимиздаги илмий-маърифий марказлар ва хориждаги етакчи илмий муассасалари ўртасида ўзаро ҳамкорлик бўйича келишувларга эришилди.