Термизда Имом Термизий мероси халқаро олимлар иштирокида муҳокама қилинди
Термизда Имом Термизий мероси халқаро олимлар иштирокида муҳокама қилинди
I Халқаро ислом цивилизацияси форуми: тинчлик, бағрикенглик ва илм-маърифат йўли доирасида Термиз шаҳрида «Термиз ҳадис мактаби: алломалар мероси ва замонавий тадқиқотлар» мавзусидаги IV халқаро конференция бўлиб ўтди.
Ўзбекистондаги Ислом цивилизацияси маркази, Имом Термизий халқаро илмий-тадқиқот маркази ҳамда Ислом олами таълим, фан ва маданият масалалари бўйича ташкилот (ICESCO) ҳамкорлигида ташкил этилган мазкур анжуман Имом Термизий ва Термиз ҳадисшунослик мактабининг бой илмий меросини чуқур ўрганиш, унинг жаҳон илм-фани тараққиётига қўшган ҳиссасини кенг ёритиш ҳамда халқаро академик ҳамкорликни мустаҳкамлашга бағишланди.
Конференцияни Имом Термизий халқаро илмий-тадқиқот маркази директори Музаффархон Жониев олиб борди. Тадбир Қуръони карим тиловати билан бошланди.
Очилиш маросимида Ўзбекистон Республикаси Президенти Администрацияси Бош инспектори Иргаш Даминов, Миср Араб Республикаси Вақф вазири Усома Саййид Азҳарий, Иордания Бош муфтийси Иброҳим ал-Ҳасанот, Ўзбекистон Республикаси Дин ишлари бўйича қўмитаси раиси ўринбосари Дилшод Мамадкулов, Ўзбекистон мусулмонлари идораси раиси ўринбосари Муҳаммадолим Муҳаммадсиддиқов, Ислом тарихи, санъати ва маданиятини тадқиқ қилиш маркази (IRCICA) Бош директори Маҳмуд Эрол Қилич ҳамда Индонезия Мусулмонлар кенгаши ижроия раҳбари Муҳаммад Зайтун Расмин табрик сўзлари билан иштирок этди.
Нотиқлар ўз чиқишларида Президент Шавкат Мирзиёев ташаббуси билан мамлакатимизда ислом цивилизацияси меросини ўрганиш, асраб-авайлаш ва кенг тарғиб этишга қаратилган кенг кўламли ислоҳотлар амалга оширилаётганини, бу жараёнда Имом Термизий каби буюк муҳаддислар қолдирган илмий меросни тадқиқ этиш ва унинг инсоният цивилизацияси тараққиётидаги ўрнини очиб бериш муҳим аҳамият касб этишини таъкидладилар.
Шундан сўнг конференциянинг ялпи мажлиси бўлиб ўтди. Унда Жазоир Халқ Демократик Республикаси Лагуат шаҳридаги Ислом илмлари ва цивилизациясини тадқиқ қилиш маркази директори, профессор доктор Аҳмад Бенсағир «Имом Термизий ҳадисшунослик мактаби ва кейинги авлодлар орасида эзгу ном соҳибидир» мавзусида маъруза қилди.
Европа мусулмон етакчилари кенгаши раиси доктор Яҳё Паллавичини «Термиз ҳадис мактабининг Европада ислом илмининг ривожланишига қўшган ҳиссаси» мавзусида маъруза қилиб, Имом Термизий томонидан шакллантирилган ҳадисшунослик анъаналари бугунги кунда Европа илмий муҳитида ҳам катта қизиқиш билан ўрганилаётганини қайд этди.
Анқара университети Илоҳиёт факультети профессори доктор Меҳмет Эмин Ўзафшар эса «Ҳаким Термизийни замонга олиб кириш: учта ўзига хос илмий ишланма таклифи» мавзусида маъруза қилиб, Ҳаким Термизий асарларини замонавий илмий ёндашувлар асосида тадқиқ қилишнинг долзарб масалалари хусусида фикр билдирди.
Маърузаларда Имом Термизийнинг ҳадис илмида шакллантирган илмий мезонлари, «Сунани Термизий» асарининг ҳадисшунослик тарихидаги ўрни, Термиз ҳадис мактабининг кейинги муҳаддислар фаолиятига кўрсатган таъсири ҳамда буюк алломалар меросининг замонавий тадқиқотлардаги аҳамияти атрофлича муҳокама қилинди.
Конференция иштирокчилари Термиз ҳадис мактаби меросини янада чуқур ўрганиш, ноёб қўлёзмаларни тадқиқ қилиш, халқаро академик ҳамкорликни кенгайтириш ҳамда Имом Термизий ва бошқа термизлик алломаларнинг бой илмий-маънавий меросини келажак авлодларга етказиш бугунги куннинг муҳим вазифаларидан бири эканини таъкидладилар.
Мазкур халқаро конференция I Халқаро ислом цивилизацияси форуми доирасида ислом илмлари бўйича халқаро мулоқотни ривожлантириш, буюк алломалар меросини илмий асосда ўрганиш ва жаҳон илм-фанига татбиқ этиш йўлидаги муҳим илмий майдонлардан бири сифатида эътироф этилди.










